Дам олиш кунлари Италия чемпионатида 21-тур ўйинлари ўтказилди. Унда эътиборга лойиқ бўлган бир қанча воқеалар юз берди.
ТЎХТАТИБ БЎЛМАС «ЮВЕНТУС»НИНГ ИРОДАЛИ ҒАЛАБАСИ
«Ювентус» сафарда «Лацио» билан беллашди. Мезбонлар пешқадамга қарши жуда яхши ўйин намойиш қилишди. Римликлар 1,5 тайм давомида ташаббусга эга бўлиб, рақибга ҳатто ўз дарвозаси томон зарба беришга ҳам имкон беришмади. 59-дақиқада Луис Альберто бурчак зарбасини амалга оширгач, Эмре Жан тўпни ўз дарвозасига йўллаб қўйди. Шундан сўнг, «Лацио» яна иккита зўр вазиятни қўлдан чиқарди. Иммобиле дарвозабон билан юзма-юз чиқиб, уни алдаб ўтолмади. Луис Альберто эса тўпни дарвозанинг юқори бурчагига жойлаб билмади.
Шундан сўнг, Массимилиано Аллегри ўйин тақдирини ҳал қилган иккита ўзгаришни амалга ошириб, майдонга Канселу ва Бернардескини туширди. Натижада, улар дастлабки вазиятни голга айлантиришди. 74-дақиқада Бернардески тўпни жарима майдонига етказганида, Дибаланинг зарбасини дарвозабон Стракоша қайтара олди, аммо Канселу тўпга етиб келиб, уни дарвозага йўллади. Ҳисоб тенглашгач, «Лацио» бош мураббийи Симоне Индзаги етакчиларни захирага олди, бу эса унга қимматга тушди - ташаббус тўлиғича «Ювентус» томонига ўтди. Ўйин якунланишига 5 дақиқа қолганида Канселу пенальти ишлаб олди. Криштиану Роналду уни аниқ амалга ошириб, жамоасига ғалаба келтирди.
«Наполи» сафарда «Милан» билан ўйнади. Анчелотти шогирдлари баҳсда бироз ташаббусга эга бўлишди. Бироқ, «Милан» ҳимояда яхши ўйнади, дарвозабон Доннарумма эса ишончли ҳаракат қилди. Биринчи бўлимда Кальехон ва Кутроне зарбалари эсда қолди. «Наполи» яримҳимоячисининг кучли зарбасини Доннарумма қайтарган бўлса, мезбонларнинг ёш ҳужумчисига аниқлик етишмади. Иккинчи бўлим «Милан» ҳужумлари билан бошланди. Кессие жарима майдонига ёриб кириб, зарба йўллаганида, ҳимоячилар тўп йўлига тўғаноқ бўлишди. Пакетанинг зарбасидан кейин тўп тўғри дарвозабон Оспинага келиб тушди. Бўлим ўртасида «Наполи» ҳисобни очиши мумкин эди. Аммо Миликнинг кучли ва аниқ зарбасини Доннарумма қийинчилик билан қайтара олди. Ўйин якунида «Милан» 2та қулай вазиятни бой берди. Пёнтек дарвозабон билан юзма-юз чиққанида ҳимоячи Кулибали тўпни унинг оёғи тагидан тепиб юборишга улгурди. Мусаккьо эса яқин масофадан зарба йўллаганида, Оспина ақлбовар қилмас чаққонлик билан тўпни қайтара олди.
Мавзуга оид
Натижада ўйинда ҳисоб очилмай қолди. Шубҳасиз, бу ҳар иккала жамоа рақиблари фойдасига бўлди. «Наполи» пешқадам «Ювентус»ни қувиб етиш умидини сўндираётган бўлса, «Милан» кучли тўртликка кириш имкониятини бой бериши мумкин.
«Интер» сафарда «Торино» билан ўйнади. Беллашув кутилмаганда мезбонлар ғалабаси билан тугади. «Интер» мазмунсиз ўйин намойиш этиб, 5та ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига барҳам берди. Баҳс давомида «нерадзурри» тўпни назорат қилишган бўлса-да, Сиригу дарвозаси олдида хавфли вазиятларни содир қилишолмади. Икарди қулай вазиятларга деярли эга бўлмади, «Торино» зич ҳимоя орқали уни тўсишга муваффақ бўлди.
Мезбонлар эътиборни ҳимояга қаратиб, қарши ҳужумлар ва стандарт вазиятлардан ўз имкониятини изладилар. Бу охир-оқибатда самара берди. 35-дақиқада амалга оширилган бурчак зарбасидан сўнг, Иццо боши билан тўпни дарвозага йўллади.
Иккинчи бўлимда ҳам вазият ўзгармади. «Интер»нинг рақиб ҳимоясини ёриб ўтиш учун қилган барча ҳаракатлари зое кетди. Ўйин якунида миланликлар катта куч билан олдинга ўтишган эди, бироқ бу ҳеч қандай самара бермади.
«Аталанта» ўз майдонида «Рома»ни қабул қилиб, 0:3 ҳисобидаги мағлубиятдан қутулиб қолди. Ўйин мезбонларнинг ташаббуси остида ўтган бўлса-да, рақиб қарши ҳужумлардан унумли фойдаланиб, учта гол уришга муваффақ бўлди. Жеко (2та) ва Эл-Шааравининг голлари «Рома»га йирик ҳисобдаги ғалабани келтираётган эди. Бироқ «Аталанта» жуда катта ирода ва иштиёқ эвазига учта гол уришга муваффақ бўлди. 45-дақиқада Кастанье, 59-дақиқада Толои голлари эвазига ҳисоб қисқарди. 70-дақиқада Сапата пенальтини аниқ амалга оширолмайди, бироқ, орадан 1 дақиқа ўтгач ўйиндан гол уриб ўз хатосини тўғрилади.