Жаҳон | 15:50 / 28.01.2019
19313
2 дақиқада ўқилади

Венесуэла инқирози. Мамлакатдан минглаб одамлар қочмоқда, Гуайдо Тереза Мэйга олтин бўйича илтимос билан чиқди

Фото: Federico PARRA / AFP

Венесуэланинг минглаб аҳолиси сиёсий инқироз фонида мамлакатни тарк этишга мажбур, уларнинг аксарияти қўшни Колумбияга қочиб, чегарани ноқонуний тарзда кесиб ўтяпти. Бу ҳақда «Би-би-си» хабар тарқатди.

Венесуэлада яшовчилардан айримлари Колумбия билан чегарани ноқонуний тарзда, қўлларида ҳеч қандай кириш ҳужжатлари ва паспортларсиз кесиб ўтмоқда, дейилади материалда.

Одамлар мамлакатни нафақат чуқур сиёсий инқироз фонида, балки гуманитар ҳолда нуқтаи назаридан ҳам тарк этмоқда, дея таъкидланади материалда.

«Мен онам ва оиламни ёлғиз қолдиришга мажбур бўлдим. Вазият даҳшатли. Буларнинг бари фақат озиқ-овқат топиш учун ҳаракат қилишдир, сабаби Венесуэлада ҳеч нарса йўқ», - дейди Венесуэлани тарк этишга қарор қилган қиз.

Венесуэла мухолиф парламенти етакчиси Хуан Гуайдо ўзини мамлакат муваққат президенти сифатида эълон қилди. Бу Венесуэла президенти Николас Мадурога қарши 23 январь куни Каракасда ўтказилган митинг вақтида содир бўлди.

Ҳозирги вақтда мухолифатчи Гуайдони АҚШ, Канада, шунингдек, Лотин Америкаси давлатлари қонуний президент сифатида тан олди. Россия Мадурони қўллаб-қувватламоқда.

Венесуэла мухолифати етакчиси Хуан Гуайдо Буюк Британия бош вазири Тереза Мэйдан олтинни Николас Мадурога қайтармасликни шахсан сўраган. Бу ҳақда Гуайдонинг Мэй учун мактубида айтилади, у Ambito томонидан келтирилган.

«Агар пуллар ўтказилса, улар Мадуро тарафдорлари томонидан халқни бостириш учун ишлатилади», - деб ёзган Гуайдо.

Шунингдек, мактубнинг иккинчи нусхаси Англия Банки раҳбари Марк Карнига юборилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Венесуэланинг Гуайдо томонидан тайинланган вакилини тан олганди.

Мавзуга оид