Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ягона Ғазна ҳисобварағидаги маблағларни бошқариш жараёнини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағидаги вақтинча бўш маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш бўйича ягона орган этиб белгиланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ягона ғазна ҳисобварағидаги вақтинча бўш маблағларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгилаб қўйилишича:

илгари жойлаштирилган вақтинча бўш маблағлар депозит муддати тугагунига қадар тижорат банкларининг депозит хисобварақларида сақланади ва депозит шартномасида белгиланган муддатларда қайтарилади;

бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчилар, шу жумладан ғазна ижроси билан қамраб олинган бюджетдан ташқари жамғармалар вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигига буюртмалар тақдим этиш йўли билан жойлаштирадилар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ягона Ғазна ҳисобварағидаги вақтинча бўш маблағларни жойлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, Молия вазирлиги Ғазначилиги ва Марказий банк ўртасида тузиладиган шартномага асосан Марказий банк Молия вазирлигининг ЯҒҲдаги маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш бўйича фискал агент вазифасини амалга оширади.

ЯҒҲдаги маблағларни депозитларга жалб қилиш мақсадида, тижорат банклари Ғазначилик билан умумий талабларни ва маблағларни депозитларга жойлаштириш тартибини белгиловчи Бош шартнома тузади. ЯҒҲдаги маблағларнинг ҳисобини юритилиши, ўз вақтида қайтарилиши ва фоизларнинг ҳисобланишини назорат қилишни ташкил этиш мақсадида Ғазначилик томонидан “Тўловлар маркази” дастурий маҳсулотидан фойдаланилади.

ЯҒҲдаги бўш маблағлар тижорат банклари депозитларига Ғазначиликнинг буюртмаси асосида Марказий банк томонидан жойлаштиради. Ғазна ижроси билан қамраб олинган Давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа мақсадли жамғармалар (ДМЖ ва БМЖ) шунингдек бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг ўз вақтинча бўш маблағларини тижорат банклари депозитларига Ғазначиликка буюртмалар тақдим этиш йўли билан жойлаштирадилар. Ҳудудий Ғазначилик бўлинмалари бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларнинг вақтинча бўш маблағларни жойлаштириш бўйича буюртмаларини ички электрон каналлар орқали юборадилар.