Light | 08:18 / 30.01.2019
65705
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг хавфсиз давлатлари маълум қилинди

Исландия /Фото: Culture Trip

Global Finance нашри дунёнинг энг хавфсиз давлатлари рейтингини тузди. Рўйхат нашр сайтида эълон қилинган.

Рейтингни тузишда мамлакатда ҳарбий ихтилоф юзага келиши эҳтимоли, фуқаролар хавфсизлигига таҳдид даражаси, иқтисодий ривожланиш даражаси, табиий офат содир бўлиш эҳтимоли кабилар асосий мезонлар қилиб олинган.

Рўйхатда умумий ҳисобда 128 та давлат тақдим қилинган. 

Рейтингга кўра, дунёнинг энг хавфсиз давлати сифатида Исландия эътироф этилган. 2-ўринни Швейцария, 3-ўринни Финляндия эгаллаган.

Шунингдек, етакчи ўнталикка Португалия, Австрия, Норвегия, Қатар, Сингапур, Дания ва Янги Зеландия киритилган.

Рейтингнинг юқори поғоналарини Европа давлатлари эгаллаган, жумладан етакчи йигирматаликдан Европанинг 16 та давлати ўрин олган. Нашр буни ушбу давлатлар иқтисодиёти ва соғлиқни сақлаш тизими ривожлангани билан тушунтирган.

Дунёнинг энг йирик давлатларидан АҚШ рейтингда 65-ўринни, Хитой 81-ўринни, Россия эса 108-ўринни эгаллаган.

Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон 44-ўринни, Тожикистон 68-ўринни, Қирғизистон 89-ўринни эгаллаган. Ўзбекистон рўйхатда келтирилмаган. 

Энг нохавфсиз давлатлар сифатида Гватемала, Яман ва Филиппин тан олинган.

Мавзуга оид