Жаҳон | 15:01 / 30.01.2019
14025
3 дақиқада ўқилади

Гуайдо ЕИга чақириқ билан чиқди. Венесуэла армияси собиқ зобитлари Трампдан қурол сўрашмоқда

Фото: Getty Images

Венесуэла мухолифати раҳбари Хуан Гуайдо Евроиттифоқни (ЕИ) мамлакат президенти Николас Мадурога нисбатан санкциялар жорий этишга чақирди. У бу ҳақда Bild’га берган интервьюсида айтган.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатга ЕИ томонидан санкция чекловлари керак бўлиб турибди.

«Умид қиламизки, ЕИ Мадурога шунчаки ультиматум билан таҳдид қилмаяпти ва кейинчалик тегишли чоралар кўради», - деди Гуайдо.

У ГФР ва Европадаги бошқа давлатларга қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирди, шунингдек, Венесуэлада янада кўпроқ одамлар ҳалок бўлиши мумкинлигини таъкидлаб ўтди.

Венесуэла армиясидан қочган шахслар АҚШ президенти Дональд Трамп маъмуриятига мурожаат қилишди ва қурол-яроғ сўрашди. Улар ўз ҳаракатларини Венесуэлани президент Николас Мадуро режимидан озод этишга интилиш билан изоҳлашган, деб хабар бермоқда CNN телеканали. 

Фото: CNN

Венесуэла армиясининг ҳозирда мамлакат ташқарисида яшаётган собиқ аскарлари Карлос Гуиллен Мартинес ва Хосе Идальго Азуахе CNN’га АҚШдан ҳарбий ёрдам олиш истаги ҳақида гапириб беришди. Улар хорижий давлатлар томонидан ҳарбий аралашувга қарши бўлиб, фақатгина Венесуэла аскарлари буни қилиши кераклигини билдиришган.

«Агар ҳарбий аралашув зарур бўлса, унда бу Венесуэлани ҳақиқатдан ҳам озод қилишни истайдиган венесуэлалик аскарлар бўлиши керак», - деди Идальго.

Уларнинг сўзларига кўра, икки венесуэлалик юзлаб кўнгиллилар - худди шундай қочиб ўтганлар билан ҳамкорлик қилмоқда. Армия собиқ жангчилари Венесуэла президенти Николас Мадуро режимига қарши бош кўтаришга собиқ оддий аскарларни чақиришмоқда.

«Биз Венесуэла аскарлари сифатида, АҚШга бизни Венесуэлани озод қилишимиз учун моддий-техник таъминот, алоқа, қурол-яроғ билан қўллаб-қувватлаш ҳақида мурожаат қиламиз», - деди Мартинес CNN’га.

Бундан ташқари, улар нафақат АҚШдан, балки «қардош давлатлар»: Бразилия, Колумбия, Перу ва бошқалардан ҳам қурол-яроғ ҳақида ёрдам сўрашмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мадуро қатор кескин баёнотлар билан чиққанди.

Мавзуга оид