Ўзбекистон Республикаси президенти “Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг стратегик вазифалари амалга оширилиши самарадорлиги учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини оширишга доир биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларининг шахсан эътибори мавжуд камчиликларнинг қатъиятлик билан бартараф этилиши зарурлигига, “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган асосий принцип ўз вақтида, аниқ ва тўлиқ ҳажмда амалга оширилишига қаратилади.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали ва натижали ижро этилишида Ҳукумат аъзолари, ижро этувчи ҳокимият бошқа органлари раҳбарлари, барча даражалардаги ҳокимларнинг шахсий роли ва масъулиятини ошириш;

идоравий мансуб ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилишнинг аниқ тизимини жорий этиш орқали вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг бириктирилган соҳада давлат сиёсати самарали ва сифатли амалга оширилишида, шу жумладан, молиявий ресурсларни бошқариш масалаларида мустақиллигини ошириш;

аниқ кўрсаткичларга ва мақсадли индикаторларга эришишга асосланган барча даражалардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини баҳолашнинг принципиал жиҳатдан янги тизимини жорий этиш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани стратегик ривожлантиришнинг яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган дастурларини амалга ошириш сифати ва самарадорлигини таъминлаш;

ҳудудларни, энг аввало, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманлари ва шаҳарларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини самарали ҳал этиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган ишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг топшириқлари ва ҳужжатлари ижросини тизимли ва амалий назорат қилишни такомиллаштириш;

давлатнинг иқтисодий фаолиятдаги иштироки тартиби ва даражасини аниқ регламентлаш орқали иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтириш, “хуфиёна иқтисодиёт”нинг олдини олиш, пасайтириш ва тизимли қарши курашиш юзасидан комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;