Жамият | 10:55 / 30.01.2019
4938
3 дақиқада ўқилади

“Ёшлар қабулхонаси”: 63 нафар ёшларнинг муаммоси ҳал этилди

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Куни кеча Андижон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да жойлашган “Ёшлар қабулхонаси”да Олий Мажлис Сенати аъзоси, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшлар мурожаатларини қабул қилди.

Кечга қадар давом этган мулоқотда хорижда ишлаб қайтган 231 нафар андижонлик аҳолининг оғзаки мурожаатлари тингланди. Унда 63 нафар ёшларни қийнаётган масалалар ижобий ҳал этилди.

Учрашув давомида уй-жой, банк-кредит, бандлик, тиббиёт, таълим сифати, ичимлик суви каби бир қатор муаммолар кўтарилди. Шунингдек, суд-ҳуқуқ ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги мурожаатлар қайд этилди.

Ҳар бир ёш билан алоҳида суҳбат мобайнида вилоят ҳокими мурожаатлар ижроси юзасидан тегишли мутасаддиларга аниқ вазифаларни белгилаб берди. Жумладан, Марҳамат тумани “Шомад” маҳалласида истиқомат қилувчи Жамшидбек Қосимов повловния дарахтини экиб, етиштириш учун 1 гектар ер майдони ажратилишини сўраб мурожаат этди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

— Дунёда энг тез ўсувчи, ёғочи сифатли бўлган, қурилишда кенг ишлатиладиган повловния дарахтини экмоқчиман. Бу дарахт мустаҳкамлиги сабабли ундан бемалол шифт, эшик, жавон ва стол-стуллар тайёрлаш мумкин. Корхона ва ташкилотлар учун жиҳозлар ишлаб чиқаришда хомашё ўзимиздан мўл бўлса, унинг нархи ҳам анча арзонлашади, – дейди Жамшидбек Қосимов. — Мазкур ташаббусни амалга оширишимга 1 гектар ер керак бўляпти.

Шуҳратбек Абдураҳмонов мурожаатга жавобан, Марҳамат туман ҳокимига 10 кун муддат ичида ёш фермерга ер ажратиш ҳақида топшириқ берди.

Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 25 та, вилоят ички ишлар бошқармасига 21 та, вилоят адлия бошқармасига 19 та, туман судларига 30 та ҳамда Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси томонидан 8 та мурожаатлар қабул қилиниб, улар тегишли мутасаддилар томонидан кўриб чиқилди. Мурожаатчиларнинг аризалари бўйича ҳуқуқий кўрсатмалар ва маслаҳатлар берилди. Бир сўз билан айтганда, 125 нафар аҳолининг муаммоларига масъуллар тўғри йўл-йўриқ кўрсатишди.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

— Булоқбоши туманининг марказида “Автосервис” шохобчаси қурмоқчи бўлиб юргандим. Бугун вилоятимиз ҳокимига ушбу таклифимни билдирдим, – дейди Раҳматилло Иминов. — Шуҳратбек Абдураҳмонов таклифимни қўллаб-қувватлаб, туманимиз ҳокими Ўткирбек Мамедов 10 кун ичида марказдан 2 сотих ер ажратишини таъкидлади. Келгусида тадбиркорлик фаолиятимни йўлга қўйиш орқали 4 нафар тенгдошларимнинг бандлигини таъминламоқчиман. Қабулга келган барча ёшлар мурожаатлари кўриб чиқилиб, амалий кўмак кўрсатилаётганлигидан мамнун.

Мавзуга оид