2019 йил Венесуэла ички сиёсатида кучли тарқоқлик билан бошланди. Ҳукумат ислоҳотини муқаррар қилиб қўйган сиёсий инқироз илдизи 4-5 йил аввал бошланган қаҳатчиликка бориб тақалади. Ғарб нашрлари мамлакатда бошланган хатарли муждалар ҳақида кўп ва хўп ёзғирди. Аслида, Венесуэла ҳукуматидагиларнинг инқирозлар борасида тажрибаси катта: 2002 йилда ҳам мамлакатнинг собиқ президенти Уго Чавес 48 соатга лавозимидан четлаштирилганди. Унинг вориси – Николас Мадуро шундай синовларни бошдан кечирмоқда.
Ўз етакчисига эга мухолифат тўғридан-тўғри, шикоятга ўрин қолдирмай, кучли агрессия билан амалдаги парламентарийга талаб қўймоқда. Воқеалар ривожи жадаллашиб кетяпти: 2019 йилнинг 5-куни партия бошқарувини ротация тартибида қабул қилиб олган Хуан Гуайдо ўзини «муваққат президент» сифатида таништирди. Мадурога тиш қайраган, халқаро муносабатда Венесуэла билан чиқишолмай турган давлатлар Гуайдо ҳокимиятини тан олишни бошлади.
Мадурони ҳам ҳимоя қиладиган тарафкашлар чиқди. Уларнинг фикрича, Венесуэлада юз бераётган ҳодисалар ҳукумат узурпациясидан (ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш) бошқа нарса эмас. Мамлакат ҳокимият ағдарилиши, легитим президентликка тажовуз юз бермоқда. Гуайдони қўллаб-қувватлаётган давлатлар эса Венесуэлада ҳокимият демократик транзит орқали бошқа қўлга ўтганини айтишяпти. Бир нарса аниқки – мамлакат ички инқирознинг чўққисига эришди ва беқарорликнинг сўнгги фазаси бутун дунёга намоён бўляпти.
Инқирознинг мухтасар тарихи

Айни жараёнларнинг моҳиятига тушуниш учун мозийга қайтиб иш тутамиз. Венесуэла ташқи сиёсатда узоқ йиллардан бери айрим гигант давлатлар билан келишолмайди. Бу факт. Аммо ҳозирги воқеалар 2015 йилда юз берган ҳодисалар таъсирида ривожланиб кетди. Яъни парламент сайловида Мадурога мухолифат бўлганлар 167та депутатлик ўрнининг 109тасини эгаллади. Миллий Ассамблеядаги хаос давлат раҳбарига хуш келмади, шундан буён у қонун ижодкорларининг ташаббусларига вето қўйиб келади. Давлат амалда «қўл» бошқарувига ўтганди. Асосан президент қарорларига асосан иш тутиш бошланди. Мадуро бирёқлама декретларни имзолаб, Венесуэладаги «фавқулодда ҳолат» муддатини узайтириб турди.
Норози депутатлар вазиятни бир уринишда ўзгартириб юбориш ҳам мумкин эди. Бунинг учун улар парламентда ҳақиқий кўпчиликка таяниши талаб этилди. Якдил қарорлар учун умумий депутатларнинг 3/4 қисми қўллаб-қувватлаши керак. Шундай қилиб, депутатлар органик қонунлар – Конституция даражасидаги, кези келса, унга ҳам ўзгартиш киритиш мақомидаги ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин эди.
Парламент ҳам йўлини топди: 2017 йил июль ойида маҳаллий қабила вакилларининг парламентга қабул қилиниши – инаугурация маросими бўлиб ўтди. Табиийки, Мадуро уларни, қабила вакиллари эса Мадурони ёқтирмасди. Ҳукумат парламент жиловини тортиб қўйиш илинжида Олий суд «қўли» билан Миллий Ассамблея фаолиятини «қайта кўриб чиқиш»га қарор қилди. Тез орада парламентнинг ҳар қандай қарорлари ҳуқуқий кучга эга бўлмаслиги аён бўлди.



















