Жамият | 18:30 / 01.02.2019
42371
2 дақиқада ўқилади

Одилхон қори Тошкентдаги масжидлардан бирига имом бўлди

«Шайх Зайниддин» (Кўкча) жоме масжидининг собиқ имом-хатиби Одилхон қори Юнусхон ўғли яна имомлик лавозимига қайтарилди.

Kun.uz манбаси хабар беришича, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимовнинг буйруғи билан Одилхон қори Юнусхон ўғли Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, «Хўжа Аламбардор» масжидига (халқ тилида Камолон масжиди) имом-хатиб этиб тайинланди. 

Одилхон қори 2018 йилнинг октябридан буён Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги «Вақф» хайрия жамоат фондининг Диний-маърифий тарғибот бўлимига раҳбар сифатида фаолият юритаётган эди.

Одилхон қори Юнусхон ўғли ўз фаолиятини 1998–1999 йилларда Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги «Ҳазрати Умар» жомеъ масжидида имом–хатиб вазифасидан бошлаган. 1999–2000 йилларда Шайхонтоҳур туманидаги «Шайх Зайниддин» жомеъ масжидида имом ноиби вазифасида ишлаган. 2010 йилдан Тошкент шаҳар бош имом–хатиби ўринбосари, 2011 йилдан 2018 йилнинг ёзигача Шайхонтоҳур тумани бош имом хатиби ва «Шайх Зайниддин» жомеъ масжиди имом–хатиби бўлиб ишлаганди

Одилхон қори Юнусхон ўғлининг «Озодалик имоннинг гўзал баҳоси», «Масжид одоблари», «Рўза тутиш одоблари», «Ҳаж маносиклари», «Исрофдан сақланайлик», «Меҳр - оқибат жаннат гаровидир» номли рисолалари чоп этилган. Унинг энг машҳур китоблари «Кибрдан сақланайлик», «Жаннат калити», «Қўшничилик ҳақлари ва одоблари» ҳисобланади.

«Хўжа Аламбардор» масжиди

Мавзуга оид