Астероидни тадқиқ этиш, ўтган асрдаги қотилликни аниқлаш ва сайёрани экологик талофатлардан қутқариш режасини таклиф этиш.

Ҳар йили Nature журнали дунёга катта таъсир кўрсатган 10 шахсдан иборат рўйхатни омма эътиборига ҳавола этади. Рўйхатнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, унга ҳамманинг оғзида бўлган бадавлат ва машҳур кишилар эмас, ёш олимлар, жамоат фаоллари, ҳуқуқшунос ва сиёсатчилар киритилади. Уларнинг тарихи буюк ишни ҳамма ҳам бажариши мумкинлигини яна бир бор исботлайди.

Валери Массон-Дельмотт — Ернинг қоровули

Ҳалокатларнинг олдини олиш йўлидаги илк қадам бу унинг яқинлашаётганини тушуниш. 2018 йилнинг октябрь ойида Экспертларнинг парламентлараро гуруҳи дунёни иқлим ўзгариши хавфи борасида огоҳлантирди: 2030 йилдан 2052 йилгача Ердаги ўртача ҳарорат саноат давригача бўлган кўрсаткичдан камида 1,5 даража кўрсаткичга ортади. Бу эса экотизимларнинг ўзгаришига олиб келади.

Агар Франциянинг Иқлим ва атроф-муҳит ҳақидаги билимлар лабораториясининг олимаси Валери Массон-Дельмотт бўлмаганида биз бу янгиликдан хабар топмасдик. У ишчи гуруҳ раисларидан бири эди. У маъруза муаллифларини тўплади, уларнинг ишини мувофиқлаштириб, ҳисобот турли мамлакат ҳукуматлари томонидан маъқулланишига эришди.

Омадни қарангки, маърузада нафақат фалокатнинг барча хатарли жиҳатлари, балки уларнинг олдини олиш усуллари ҳам акс этган.

Массон-Дельмотт ҳужжатни тайёрлашда ёши, жинси ва миллатидан ташқари унинг барча ходимлари иштирок этишини назорат қилди. Шу йўл билан у нафақат экология учун, балки илмий муҳитда ҳам камситишларни бартараф этиш борасида катта ҳисса қўшди.

Олдинда Массон-Дельмотт ва унинг ҳамкасбларини бир неча маърузалар кутмоқда. Келаси йили ер ва денгиз биомларининг ҳолатига бағишланган ишлари эълон қилинади. Эҳтимол, унинг ишлари қўрқинчли ҳалокатнинг олдини олишда ёрдам берар.

Энтони Браун — юлдузлар картографи

2018 йилнинг 25 апрелида бутун дунёдаги астронавтлар Гея фазо телескопи томонидан тўпланган 500 ГБ маълумотни ўрганиш имкониятига эга бўлишди. Бироқ телескоп маълумотни тўплади холос. Маълумотни ўрганиш билан эса Энтони Браун бошчилигидаги 400 нафар тадқиқотчидан иборат жамоа шуғулланмоқда.

Энтони даҳоларга хос ишни амалга оширгани йўқ. У маъмурий фаолият, илмий гуруҳлар билан учрашувлардан иборат ўз ишини яхши бажарди холос. Бироқ айнан унинг масъулияти ва қатъияти жами ташкилот муваффақиятини таъминлади.