Вазирлар Маҳкамасининг “Жиззах вилоятининг Зафаробод туманида цемент заводи қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди
Қайд этилишича, президентнинг “2018-2019 йилларда инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 19 июлдаги ПҚ-3874-сон қарорига мувофиқ “Huaxin Cement’' Co LTD (XXP) компанияси томонидан умумий қиймати 150,0 млн АҚШ долларилик бир йилда 1,2 млн тонна портландцемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган цемент заводи қурилиши назарда тутилган. Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида "Huaxin Cement” Со LTD (ХХР) компанияси томонидан масъулияти чекланган жамият шаклида “Huaxin Cement Jizzakh" хорижий корхона ташкил этилган.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:
бир ой муддатда инвестор билан инвестиция шартномаси белгиланган тартибда тузилишини таъминлайди, унда инвесторнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, инвестициялар ҳажмини, ташкил этиладиган иш ўринларининг режалаштириладиган сонини, инвесторга бериладиган имтиёзлар ва преференцияларни ҳамда дастлабки техник-иқтисодий параметрларни ҳисобга олган ҳолда бошқа инвестиция мажбуриятларини ва ижтимоий мажбуриятларни назарда тутади;
инвестиция шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар инвестор томонидан бажарилиши юзасидан назоратни таъминлайди.
Жиззах вилояти ҳокимлиги Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда бир ой муддатда инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида цемент заводи қурилиши учун Жиззах вилоятининг Зафаробод тумани ҳудудида 81 га қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган ер участкаси ажратилишини таъминлайди.
“Huaxin Cement Jizzakh" МЧЖ ХКга инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишларини 2019 йил 1 июлгача муддатда лойиҳа-смета ҳужжатларини бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқиш билан амалга оширишга истисно тариқасида рухсат берилди.
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, “Ўзбекэнерго" АЖ, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ ва “Ўзтрансгаз” АЖ қурилаётган цемент заводи ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникацияларига уланишида “Huaxin Cement Jizzakh” МЧЖ ХКга зарур ёрдам беради.
Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси истисно тариқасида “Huaxin Cement Jizzakh" МЧЖ ХКга норуда фойдали қазилмалар мавжуд бўлган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқига, шу жумладан, Фориш конида глина қазиш ва Жиззах вилоятида жойлашган Шарқий Учқўрғон конида оҳактош қазиш учун тўғридан-тўғри музокаралар асосида лицензиялар берилишини таъминлайди.















