Жаҳон | 15:46 / 04.02.2019
15965
2 дақиқада ўқилади

Европанинг 6 давлати Гуайдони тан олди

Фото: Juan Barreto/AFP/Getty Images

Швеция ТИВ раҳбари Маргот Валльстрем маълум қилишича, мамлакат Венесуэла мухолифати етакчиси Хуан Гуайдони Венесуэланинг қонуний вақтинчалик раҳбари сифатида тан олади. У бу ҳақда Sveriges Radio радиосида айтиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, Швеция ҳукумати Гуайдони қўллаб-қувватлайди ва уни қонуний вақтинчалик президент, деб ҳисоблайди.

Испан бош вазири Педро Санчес Хуан Гуайдо Венесуэланинг вақтинчалик президенти сифатида тан олинишини эълон қилди. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.

Унинг сўзларига кўра, Венесуэла имкон қадар тезроқ янги сайловларни ўтказиши керак.

«Мен президент Хуан Гуайдони Венесуэла учун жавобгар президент сифатида тан оламан», - дея маълум қилган Санчес.

Буюк Британия, Австрия, Дания ва Франция ҳам Венесуэла мухолифати етакчиси Хуан Гуайдони мамлакатнинг муваққат президенти сифатида тан олди. Бу ҳақда РИА «Новости» хабар тарқатди.

Қайд этилишича, Австрия канцлери Себастьян Курц ва Британия ТИВ раҳбари Жереми Хант бу ҳақда твиттердаги саҳифаларида ёзишган.

Хантнинг сўзларига кўра, президент Николас Мадуро белгиланган 8 кунлик муддат ичида президентлик сайловини ўтказмаган.

«Буюк Британия европалик ҳамкорлар билан бирга Хуан Гуайдони ишончли сайловларга қадар вақтинчалик конституциявий президент, деб тан олади», - дея ёзган Хант.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венесуэла ТИВ Трампнинг баёнотига жавоб қайтаргани, Мадуро Гуайдога чақириқ билан чиққани хабар қилинганди.

Мавзуга оид