Ўзбекистон | 13:47 / 05.02.2019
12234
3 дақиқада ўқилади

Қурилиш соҳасидаги қатор тизимли муаммолар маълум қилинди

Фото: 123RF

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Давлат қурилиш назорат инспекциялар фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, шаҳарсозлик фаолиятида жиддий камчиликлар мавжуд. Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликни, аҳоли пунктларини реконструкция қилиш ва ободонлаштиришда, ишлаб чиқариш, ижтимоий ва муҳандислик-транспорт инфратузилмаси объектларини қуришда шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини қўпол равишда бузишнинг кўпдан-кўп фактлари аниқланган. 2018 йилда жами 823 та шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ҳоллари аниқланган ва ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий чоралар судлар томонидан кўрилган.

Шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш, шаҳарсозлик ҳужжатларини рўёбга чиқаришда, аҳоли пунктларининг замонавий қиёфасини шакллантириш ва уларни комплекс қуришда давлат органларининг фаолияти самарадорлигини оширишга тўсқинлик қилувчи қатор тизимли муаммо ва камчиликлар сақланиб қолмоқда, хусусан:

биринчидан, қурилиш соҳасини давлат томонидан тартибга солиш ишлари борасида инспекциялар фаолиятининг самарадорлиги етарли даражада оширилмаган;

иккинчидан, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекциялар фаолиятига давлат бошқарув органларининг асоссиз равишда аралашуви шаҳарсозлик тўғрисидаги қонунчиликка, шаҳарсозлик нормалари, қоидалари ва стандартларига сўзсиз риоя этилишида инспекция назорат фаолиятини амалга оширишдаги ролининг пасайишига олиб келмоқда;

учинчидан, бугунги кунда шаҳарсозлик соҳасида кенг кўламда ишлар олиб борилаётганлиги, назорат ишларининг ҳажми кўпайганлиги ва аниқланган ҳуқуқбузарликларга нисбатан таъсир чоралари етарли даражада кучайтирилмаганлиги қурилиш-монтаж ишларининг сифатини пасайишига олиб келмоқда;

тўртинчидан, инспекция учун малакали кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизими етарли даражада мавжуд бўлмаганлиги мутахассисларнинг касбий кўникмаларини оширилишига салбий таъсир этмоқда;

бешинчидан, инспекциянинг моддий-техник базаси мустаҳкамланмаганлиги, назорат функцияларини ўтказиш учун зарур ускуналар билан таъминланмаганлиги ўзига юклатилган вазифа ва мажбуриятларни самарали бажариш имконини бермайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда қурилиш соҳасида янги назорат инспекцияси ташкил этилиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид