Бугун Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида ҳудудлардаги бошланғич ташкилот етакчилари билан биргаликда “Ёшлар жиноятчилигини жиловлаш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш” мавзусида видеоселектор шаклида вебинар бўлиб ўтди.

Унда Республика Маънавият ва маърифат марказининг бўлим мудири Шавкат Тўраев мамлакатимизда ижтимоий маънавий муҳитни соғломлаштириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигида ёшларнинг ролини ошириш юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бўлим мудири Баҳриддин Султонов эса ёшлар жиноятчилигини олдини олиш масаласидаги маърузаси билан иштирок этди.


Вебинарда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ҳудудий Кенгашлари ходимлари, вилоятлардаги бошқарма, ташкилот ҳамда таълим муассасаларининг бошланғич ташкилот етакчилари, ҳудудий сардорлар Кенгаши ҳамда ҳудудий кўнгиллилар гуруҳларининг аъзолари қатнашди.
Маърузаларда мамлакатимизда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, улар ўртасида маънавий муҳитни яхшилашда янгича методлардан фойдаланиш зарурати ҳамда бу соҳадаги тарғибот-ташвиқот ишларига ёшларнинг муносабати ҳақида фикр-мулоҳазалар юритилди.
—Бугунги кунда ёшларни иш билан таъминлаш, уларнинг вақтларини тўғри тақсимлашга кўмаклашиш, тўгаракларга жалб этиш жиноятчиликни жиловлашнинг энг муҳим омилига айланган, – дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим мудири Акмал Алимов. —Жойларда ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги, оддий ҳолатларда қонун ҳужжатларни билмаслиги ва бунинг натижасида ёшлар ўртасида майда безориликлар, маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг сонини кўпайишига олиб келмоқда.


Тадбир давомида бир қатор вазирлик, идора ва ташкилотларнинг ҳамкорлигида олиб борилаётган ишлар натижасида юртимизда 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жиноятчилик 28,1 фоизга, вояга етмаганлар жиноятчилиги эса 35,5 фоизга камайишига эришилганлиги ҳақида маълумот берилди.
















