Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлигининг Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Қарши филиалини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Қуйидагилар Филиалнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

қишлоқ ва сув хўжалигида инновацион ресурстежамкор техника ва технологияларни қўллаш, ер ва сув ресурсларини бошқариш, геодезия ва геоинформатика, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги ишлаб чиқариш жараёнларини автоматлаштириш ва бошқарув бўйича замонавий билимларга эга бўлган олий маълумотли мутахассис кадрлар тайёрлаш;

ўқув-лаборатория базасини таълим соҳаларининг давлат таълим стандартлари ва таълим йўналишларининг малака талаблари даражасида модернизациялаш, ўқув-меъёрий ҳужжатларини ва услубий таъминотни етарли даражада шакллантириш, ўқув ва малакавий амалиётларини замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари билан уйғунлаштириш, таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт бирлигини таъминлаш орқали битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш;

профессор-ўқитувчиларнинг касбий билими, ахборот коммуникацион ва педагогик технологияларни ўқув жараёнига кенг татбиқ қилиш, педагогик маҳорати ва илмий салоҳиятини мунтазам равишда ошириш, хорижий университетларда профессор-ўқитувчиларни малакасини ошириш ва стажировкаларини ташкил этишда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш;

фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш орқали манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда илмий-техник вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган амалий ва инновацион изланишларни амалга ошириш;

потенциал иш берувчи ташкилот ва корхоналарни кадрларга бўлган эҳтиёжларини мунтазам равишда ўрганиб бориш орқали истиқболда замонавий таълим йўналишлари ва мутахассисликларини белгилаш, мутахассисларни малакасини ошириш ва Филиал битирувчиларини ўз мутахассислиги бўйича ишга йўналтириш ва уларнинг касбий фаолияти мониторингини тизимли ташкил этиш.