Сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг замонавий дипломатик юзи ўзгариб, ривожланиб бормоқда. Шу билан бирга мамлакатда жамоатчилик ташкилотлари, хусусан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаоллашаётгани кузатилмоқда. Биз айни кунларда ташкил этилган «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурхонов билан шу ҳақда суҳбатлашишга қарор қилдик.

— Сизни депутат, «Тараққиёт стратегияси» маркази собиқ раҳбари сифатида таниймиз. Эндиликда «Юксалиш»умуммиллий ҳаракати раҳбарисиз. Бу вазифаларда фаолият юритиш қийинчилик туғдирмаяптими?
— Бу соҳаларда ишлаш мен учун биринчи навбатда — фахр. Сабаби Олий Mажлис депутатлиги, «Тараққиёт стратегияси» маркази ва «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбарлиги ҳам тайинланадиган эмас, сайланадиган лавозимлар саналади. Қамров доираси кенг, чегараланмаган бўлганлиги учун бу иш менга ёқади.
Хоҳ жамоатчилик, хоҳ қонунчиликда бўлсин, кенг оммага юртимизда бўлаётган ислоҳотларни етказиш, тушунтириш ва экспертлик муҳокамаларида қатнашиш, шу орқали одамларга ёрдам бериш асосий вазифалардир. Айниқса, яқин икки йил ичида таклифларнинг, муаммоларнинг чуқурроқ кўриб чиқилаётганлиги, мен билан бирга ишлаган жамоалар билан кўтарган масалаларнинг бефарқ қолдирилмаётганлиги сабаб ҳам ишимда қийинчилик сезмайман.
— Юртимизда охирги пайтларда «Тараққиёт стратегияси» маркази, Buyuk Kelajak экспертлар кенгаши каби нодавлат ташкилотлар сони ортмоқда. Булар сафига «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ҳам қўшилди. Бу ҳаракатнинг пайдо бўлиш тарихи, мақсад ва вазифалари билан таништирсангиз.

— Бу ҳаракат ҳам сиз санаган нодавлат ташкилотларнинг таъсирида ва уларнинг мақсадларидан келиб чиқиб пайдо бўлди. Беш йиллик Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингандан сўнг уни жамоатчиликка яқиндан таништириш мақсадида «Тараққиёт стратегияси» маркази ташкил этилганди ва фақатгина Тошкент шаҳридa ўз офисига эга эди. Buyuk Kelajak экспертлар кенгаши эса олий маълумотли хориждаги нуфузли ташкилотларда фаолият юритаётган 250дан ортиқ ватандошимизни қамраб олган.
Аммо миллионлаб хориждаги юртдошларимиз: талабалар, мигрантлар ва уларнинг муаммолари, ислоҳотларга муносабатларини эшитишнинг имкони йўқ эди. Ана шуларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон ривожи учун ҳисса қўшмоқчи бўлган ҳар қандай соҳа вакиллари ташаббусини қабул қиладиган, сиёсий руҳдан холи бўлган «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати Президентимиз томонидан 17 январь куни тасдиқланди.






