Январь ойи охирида интернетда Ўзбекистон Миллий университети рамзларидан бири – университетнинг асосий кириш қисмидаги мармар китоб бузиб ташлангани ҳақида хабарлар тарқалди.
Kun.uz мухбири университет ректори Аваз Мараҳимовга шу масалада юзланди. «Отахон университет» дея таърифланувчи таълим даргоҳининг ректори масала юзасидан изоҳ берди.
«Университетимиз ва талабалар шаҳарчасини глобал миқёсда ҳам «флагман» университетга айлантириш ниятидамиз. Ҳар кун шунинг ҳаракатида югур-югурдамиз. Талабалар шаҳарчасининг ҳудуди ягона замонавий кампусга айлантирилади.
Мармар китоб монументининг таг қисми бузилган холос. Китоб монументи четга олиб қўйилган. «Беруний» метросидан университетимиз томонга чиқиш қисми, унинг атрофлари, аввал машиналар қатнов йўли бўлган жойлар эса сайр учун йўлакларига ўзгартирилмоқда. Бу ишлар тугаганида, ободонлаштириш лойиҳасига кўра янги қиёфа касб этадиган китоб монументи Миллий университетнинг марказий қисми яқинига жойлаштирилади», дейди у.

Ректор қурилиш ва Талабалар шаҳарчасининг марказий қисми ободонлаштирилиши оқибатида ҳудудда юзага келган ноқулайликлар тўғрисида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди: «Ободонлаштириш жараёни кетаётган ҳудуд махсус деворлар билан ажратилган. Талабалар айланиб ўтиши, университетларига етиб олиши учун уч томондан йўллар очилган».

Kun.uz мухбири ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари жараёнини бориб кузатди.























