Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизими тубдан такомиллаштирилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2019-2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида талаб юқори бўлган малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида 2019−2023 йилларда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш белгиланди.

Ҳужжатда қайд этилишича, ЎзМУда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фанни ва серқирра иқтидор соҳиби бўлган инсон капиталини ривожлантиришга жиддий тўсиқ бўлаётган бир қанча муаммолар ва нуқсонлар аниқланди. Кейинги йилларда университетнинг Миллий университет мақомини қарор топтириш учун амалий ва самарали чора-тадбирлар таъминланмаган.

«Университет нуфузли халқаро агентликлар рейтингига кирмайди, олимларнинг илмий мақолаларидан халқаро иқтибос келтириш даражаси пастлигича қолмоқда, талабалар маълум бир қисмининг илм-фанга интилиши ва қизиқиши жуда суст эканлиги кузатилмоқда», дея қайд этилган ҳужжатда.

Шу билан бирга танқидий ва ҳар томонлама таҳлилларда юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илмий ва кўп қиррали инсон капиталини ривожлантириш соҳасида жиддий тўғаноқ ва тўсиқ бўлаётган комплекс камчиликлар ва муаммолар аниқланди. Кейинги йилларда университетнинг Миллий университет мақомига муносиб бўлиши учун амалий ва самарали чора-тадбирлар таъминланмади. Шу жумладан:

биринчидан – ҳар бир факультет ва кафедра бўйича таълимнинг йўналишлари ва мутахассисликлари таркиби, шунингдек, қабул квоталари реал эҳтиёждан анча орқада қолмоқда, кўпинча ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларига, меҳнат бозори ва кадрларнинг буюртмачилари эҳтиёжларига мос келмайди. Битирувчиларнинг ишга жойлаштирилиши ҳамма вақт ҳам эгалланган мутахассисликка мувофиқ эмас;

иккинчидан – таълим жараёнига, шу жумладан, синовдан ўтган ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлган замонавий педагогик технологияларни жорий этиш даражаси паст. Таълим жараёнини ўқув-методик таъминлаш ва унинг мазмуни иқтисодиёт тармоқларининг инновацион ва технологик ривожланишидан орқада қолмоқда, талабаларнинг назарий ва ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш самарали эмас;

учинчидан – университетни, шу жумладан, ўқув-тарбиявий ва илмий жараённи самарали бошқаришни таъминлаш учун кадрлар захирасини тайёрлашнинг аниқ ифодаланган тизими мавжуд эмас. Айрим педагог кадрларнинг касбий маҳорати даражаси етарли эмаслиги, малака ошириш курсларининг, педагог ва илмий ходимлар стажировкасининг самарасизлиги, магистрантлар ва диссертантларнинг раҳбарлари ва маслаҳатчиларини тайинлашда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари салоҳиятини суст жалб этиш, турли дастурлар, шу жумладан, чет элда магистратура бўйича кадрлар тайёрлашнинг тизимсизлиги сақланиб қолмоқда;