Келаси ҳафтадан Чемпионлар Лигасида плей-офф ўйинларига старт берилади. Кучли бешликда эса, ўйинлар қизғин паллага кирмоқда. Мавсумнинг энг муҳим палласига кириб бораётган топ-клублар яна бир бор ўзларини имтиҳондан ўтказиб олишади. Кейинги хатолар қиймати эса, анча юқори бўлиши тайин.

БОРУССИЯ Д – ҲОФФЕНҲАЙМ (9 февраль, 19:30)

Фото: Reuters

Дортмундликлар 20 турдан кейин 49 очко жамғаришган ва бу кўрсаткич бўйича фақат 2010/11 йилги мавсумдан 1 очко кам натижа кўрсатишяпти, холос. Ўшанда Клопп бошчилигидаги «Боруссия» мамлакат чемпиони бўлганди. Умуман, Бундеслигада 20 ўйиндан кейин 49 ва ундан кўп очко жамғарган жамоалар доим чемпион бўлишган.

Умуман, Лусьен Фавр шогирдлари жуда барқарор юриш қилишмоқда – мавсумда атиги бир мағлубият, сўнгги 6 ўйиндан 5 ғалаба, ашаддий рақиб «Бавария» билан ўртадаги фарқ 7 очкони ташкил қилмоқда. Бу серияни давом эттириш учун навбатдаги рақиб ҳам доғда қолдирилиши керак.

«Ҳоффенҳайм» анча жиддий рақиб, ҳар ҳолда Чемпионлар Лигаси иштирокчиси. Ҳозирда кучли тўртликдан узоқроқда бўлса-да, алоҳида ўйинларда ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсата олади. Хусусан, жамоаларнинг биринчи даврадаги учрашувида, «қишлоқликлар» ҳисобда олдинда боришган ва фақат ўйин охирларида Дортмунд мағлубиятдан қутулиб қолганди. Шунингдек, «Ҳоффенҳайм» сафардаги ўйинларда етти ўйиндан бери мағлубиятга учрамаётганини ҳам таъкидлаш лозим.

Мезбонлар устози ҳали ҳам Мануэл Аканжи хизматларидан фойдалана олмайди. Шунингдек, Томас Делайни, Марсел Шмелцер, Леонардо Балерди, Марвин Ҳитц каби футболчилар ҳам майдонга туша олмайди. Марко Ройс, Санчо ва Пишчекнинг ҳам майдонга тушиши сўроқ остида. Келаси ҳафта Чемпионлар Лигасидаги муҳим ўйинни эътиборга олиб, мураббий уларнинг ҳолати билан таваккал қилмаса керак. Ҳоффенҳаймликлар эса, Дортмундга тиззасидан жароҳат олган Лукас Руппсиз ташриф буюришди. Луккас Рибейро эса, Бразилияга, 21 ёшлилар ўртасидаги қитъа чемпионатига йўл олган.

АТЛЕТИКО – РЕАЛ МАДРИД (9 февраль, 20:15)

«Барселона»нинг «қоқилишидан» «Атлетико» фойдалана олмади ва пешқадамга яқинлашиб олиш имкониятини қўлдан чиқарди. «Бетис» майдонида мағлубиятга учраган Симеоне шогирдлари учун бу сўнгги 5 ойда Ла Лига ўйинларида илк мағлубият эди. «Барселона» узоқлашибгина қолмай, «Реал» ҳам пастдан яқинлашиб келмоқда ва агар бу сафар ҳам «Атлетико» мағлубиятга учрайдиган бўлса, учинчи ўринга тушиб кетади.