Бугун қишки трансфер ойнасининг сўнгги куни, клублар сўнгги трансферларини амалга ошириш учун музокараларни давом эттирмоқда, ҳар дақиқада янги янги футбол хабарлари чиқиб туриши табиий. Зериксангиз, ўша эски ишингизни қилишингиз ва эътиборингизни майдонга, навбатдаги тур ўйинларига қаратишингиз ҳам мумкин.
ЛЕСТЕР – ЧЕЛСИ (1 февраль, 17:30)
Ҳозирча кучли тўртликдан анча мустаҳкам жой олган, аммо юқорироқ ўринлар учун имконият деярли йўқ бўлган икки жамоанинг ўзаро тўқнашуви жуда қизиқ кечиши шубҳасиз. Ушбу мавсум «Челси» учун ҳам, «Лестер» учун ҳам ўхшаш кечмоқда – узоқ вақт жуда сифатли ўйин кўрсатишди, деярли камчилик йўқ, мураббийлар бор имкониятлардан максимал фойдаланаётгандек тасаввур уйғотишди. Кейин эса, турли сабаблар билан муаммолар кўзга ташланиб қолди, натижалар беқарорлашди. Фақатгина қуйидаги жамоаларнинг янада омадсиз ўйинлари туфайли улар ҳали ҳам юқори ўринларда кетишяпти, холос. Зеро, ҳар икки жамоа ҳам АПЛдаги сўнгги 10 ўйиннинг ярмида мағлубиятга учради.
«Лестер»нинг муваффақиятсиз даврини кўпроқ таянч яримҳимоячиси Вилфред Ндидининг жароҳати билан боғлашганди. У қайтгач, «Вест Ҳэм» устидан ишончли ғалабага эришилди. Таркиб борасида мезбонларда энди жиддий муаммолар йўқ. «Челси»да эса Тэмми Абраҳам майдонга туша олмаса керак. Шунингдек, Пулишич, Жеймс, Лофтус-Чик каби футболчилар гарчи асосий таркибнинг ажралмас вакиллари бўлишмаса-да, уларнинг йўқлиги Лэмпарднинг вариантларини камайтириши шубҳасиз.
Биринчи даврадаги ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Умуман, бу жамоаларнинг охирги тўрт тўқнашувининг учтасида дуранг қайд этилган, икки ўйинда ҳисоб очилмаган. Охирги уч йилда ҳам АПЛ, ҳам кубок доирасидаги ўйинлар ё дуранг ёки минимал ҳисобда якун топяпти. Демак бу сафар ҳам кескин, муросасиз баҳсни кутсак бўлади.
Дарвоқе, «Лестер» сешанба оқшомида Лига Кубоги ярим финалида майдонга тушди. «Астон Вилла»га қарши ўйин 120 дақиқа давом этганини эътиборга олсак, жисмоний тарафдан «Челси»да яхшироқ имконият ҳосил бўлиши ҳам мумкин.
РЕАЛ – АТЛЕТИКО (1 февраль, 20:00)
«Реал» доимий баҳорги спорт формасига кириб келишда давом этяпти. Зидан шогирдлари сўнгги марта уч ой олдин «Мальорка»га ютқазишганди, шундан бери 20 ўйинлик мағлубиятсиз серия давом этмоқда. Бундан ташқари, таркиб борасида «Реал» Европанинг тенгсиз жамоасига айланаётганига ҳам эътибор беринг. Ҳозир Зидан қўл остида тўрт тоифа ярим ҳимоячилар бор. Биринчи тоифага савияли, лекин ёзда жамоа қутулмоқчи бўлган Хамес, Бэйл, Иско каби футболчилар киради. Иккинчиси, кетадиганлар ўрнига сотиб олинган ёки имконият берилиши керак бўлган юлдузлар – Азар, Асенсио, Винисиус, Родриго. Учинчиси, кутилмаганда порлаб, жамоанинг асосий кучига айланиб бораётганлар, масалан, Вальверде. Шунингдек, жамоа ўзагини ташкил қилаётган эски футболчилар – Кроос, Модрич, Каземиро.


















