Икки мураббий бир-бирининг режасини бузиш билан банд бўлди - бундан бошқа режа йўқ эди.

Испания чемпионати. Лига 1. 7-тур
«Атлетико» — «Реал» — 0:0
«Атлетико» (Мадрид): Облак, Триппьер, Савич, Хименес, Лоди (Лемар, 61), Витоло (Корреа, 46), Сауль, Коке, Партей, Диегу Коста, Жоау Феликс (Льоренте, 70).
«Реал» (Мадрид): Куртуа, Карвахаль, Серхио Рамос, Варан, Начо, Каземиру, Кроос, Вальверде (Модрич, 68), Бэйл, Бензема (Йович, 88), Азар (Хамес Родригес, 77).
Огоҳлантиришлар: Начо, 22. Варан, 69. Партей, 90+3.
Ҳакам: Гонсалес Гонсалес.
28 сентябрь. Мадрид. «Ваньда Метрополитано» стадиони.

7:3 ҳисобидан 2 ой ўтиб

Бу ўйинда ғолиб чиқиш - икки жамоа учун ҳам биринчи ўринни эгаллаш ва тўғридан-тўғри рақибни бир неча очколик фарқ билан ортда қолдириш имконини берарди. «Атлетико» ғалаба қозонса «Реал»дан 2 очко олдинда бўлар, «Реал» ғалаба қозонса биринчи ва иккинчи ўрин орасидаги фарқ 3 очкони ташкил этарди. Шу билан биргаликда, дуранг ўйнашнинг ҳам у қадар зарари йўқ эди: биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаб турган бу жамоалар орасидаги минимал фарқ сақланиб қоларди.

Қизиқ, бу мураббийлардан қайси бири — Диего Симеоне ёки Зинедин Зидан — мавсумдаги биринчи дерби олдидан ўз футболчилари хотирасидан шу йил 27 июлида Американинг Ист-Рутерфорд шаҳрида Халқаро чемпионлар кубоги доирасида бўлиб ўтган ўйинни ўчириб юборишни истаган экан? Ўшанда «Атлетико» 7:3 ҳисобида ғалаба қозонгани, танаффусга қадар 5:0 ҳисоби қайд этилгани, ўйинда покер қайд этган Диего Костанинг якунда майдондан четлатилиши — бу барча учун ақлбовар мотивация манбаи эди. «Матрасчилар» учун — ўз кучлари ва имкониятларига ишонч, «Реал» учун — қасос олишга интилиш иштиёқи. Икки ой олдинги ўйин шунчаки ўртоқлик учрашуви мақомида бўлгани муҳим эмас.

«Реал» мавсум бошида энг кўп танқидга учраётган топ-клубдир, аммо айнан шу жамоа 6 турдан кейин турнир жадвалини бошқариб тураётганди. Тўғри, ўз вақтида бу клубни чемпион қилган Фабио Капелло томошабоп ўйин кўрсатмагани учун истеъфога чиқариб юборилганди. Аммо Жозе Моуриньо қайтиши ҳақидаги ва етакчи футболчиларнинг бош мураббийга ишончи сўнгани ҳақидаги миш-мишларга қарамай, Зиданга жиддий эътироз билдиришга асос йўқ.

У «Атлетико»га қарши ўйиндан аввал берган интервьюсида мураббий ҳам киноя қилди. «Фақат бир нарсани айтишим мумкин, «Реал»дагилар ҳам бошқалар каби кўп ишлашяпти», — деди Зизу дерби арафасида.