Ўзбекистон | 17:34 / 09.02.2019
44893
3 дақиқада ўқилади

Вазирлик: 500 мингдан пули ушлаб қолинган ўқитувчилар ишида айбдорлар аниқланди 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўқитувчиларнинг маошидан ушланиб қолган пуллар ўрганилди. 

Инспекция хабарига кўра, тумандаги 82 та умумтаълим мактабларида ишловчи 5154 нафар педагог ходимларнинг 3115 нафаридан электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви ва бошқа коммунал тўловлар учун ноқонуний равишда розилиги олинмай, иш ҳақидан ушлаб қолинган.

«Мазкур ҳолат бўйича айбдор бўлган Амударё тумани халқ таълими бўлими мудирининг ўринбосари Р. Матқурбанов ҳамда Халқ таълими бошқармаси Марказлаштирилган молия бухгалтерия хизмати бош ҳисобчиси М. Қаландаров Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддаси 1-қисми билан энг кам иш ҳақининг беш баравари (1 013 650 сўм) миқдорида жаримага тортилди», — дейилади ахборотда.

Маълум қилинишича, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига 2019 йил 8 февраль куни қонунбузилишини бартараф этиш ва келгусида йўл қуймаслик юзасидан белгиланган тартибда тақдимнома киритилди.

Шунга қарамай, Kun.uz мухбирида нусхаси мавжуд туман халқ таълимига юборилган МИБ талабномасида бошқа манзара акс этган.

2019 йил 5 февраль куни Амударё тумани МИБ бўлими бошлиғи Эргаш Жумамуродов имзоси билан тасдиқланган талабнома хатида (11/1288-19) ходимларнинг иш ҳақидан коммунал тўловлар учун ушлаб қолиш масаласи баён этилган ва режа белгилаб берилган. Мана шу режа 10 февралга қадар мутасаддилар режани бажариши керак эди. Оқибатда ўқитувчиларнинг маошидан асоссиз пуллар ушлаб қолингани ҳақида барчамиз билдик.

Гарчи Мажбурий ижро бюроси Амударё тумани бўлими бошлиғи ўринбосари Ҳасан Жумақулов тўловлар учун ушлаб қолинадиган пуллар ишчилар ихтиёрига кўра амалга оширилишини таъкидласа-да, талабномада 10 февралга қадар амалга оширилиши лозим бўлган режа нега келтирилгани шубҳани пайдо қилади. Балки бу масалага прокуратура органлари текшируви ойдинлик киритар.

Kun.uz суриштируви эса давом этмоқда.​

Мавзуга оид