Жаҳон | 10:00 / 10.02.2019
5120
2 дақиқада ўқилади

Эфиопияда Африка иттифоқига аъзо давлатлар саммити бошланмоқда

Фото: © РИА Новости / Юрий Сомов

Бугун, 10 февраль куни Эфопия пойтахти Аддис-Абебада Африка иттифоқига аъзо давлатларнинг икки кунлик саммити бошланди.

Навбат бўйича 32-учрашув бўлган мазкур олий мақомли саммит Африка қитъаси олдида турган ўткир муаммолардан бири — қочқинлар масаласи ва шахсларнинг ички кўчиб ўтиш масалаларига бағишланади.

Йиғилишнинг биринчи кунида 2018 йилда Африка иттифоқи раислигини бажарган Руанда президенти Пол Кагаме Миср етакчиси Абдулфаттоҳ ас-Сисийга топширади.

Давлат ва ҳукумат раҳбарларининг ёпиқ эшиклар ортида ўтадиган мажлисида Пол Кагаме ташкилот раҳбари сифатида бир йилда амалга оширилган ишлари ҳақида ҳисобот беради.

Қочқинлар билан боғлиқ масалалардан ташқари Африка давлатлари етакчилари Африка қитъасини 2063 йилгача ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегиясини имплементация қилиш бўйича зарур қадамларни, шунингдек минтақивий интеграция ва ривожланиш лойиҳаларини муҳокама қилишади. Муҳокама мавзуларидан бири Африка учун умумий бўлган эркин бозор яратиш лойиҳасини амалга ошириш бўлади

Африка давлатлари етакчилари учун анъанавий бўлган тинчлик, хавфсизлик, терроризмга қарши кураш, шунингдек Африка иттифоқи тузилмасини ислоҳ қилиш мавзулари ҳам кўтарилади.

Форум иши вақтида Фаластин етакчиси Маҳмуд Аббос, БМТ бош котиби Антониу Гутерреш, Араб давлатлари лигаси бош котиби Аҳмад Абул Ғайт ҳам салом йўллашади.

Африка иттифоқи 1963 йилда ташкил этилган эди. Ўшанда у Африка бирлиги ташкилоти деб аталган. Европа иттифоқи модели бўйича тузилган ушбу ҳукуматлараро ташкилотнинг номи 2001 йилда ўзгартирилган. Африка иттифоқига 55та давлат аъзо ҳисобланади.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид