Жаҳон | 17:47 / 10.02.2019
8851
2 дақиқада ўқилади

Жамол Қошиқчининг қайлиғи журналистнинг ҳаёти, ижоди ва ўлими ҳақидаги китобни тақдим қилди

Фото: Reuters

Саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг қайлиғи Ҳадича Денгиз марҳумнинг ҳаёти, қилган ишлари ва ўлими ҳақидаги китобни нашр қилдирди. Rudaw телеканали хабарига кўра, китоб тақдимоти Истанбулдаги турк-араб ассоциациясида ўтказилган.

«Жамол Қошиқчи: Унинг ҳаёти, кураши ва сирлар» номли бу китобга Денгиз хоним ўзи олган интервьюларни, унинг кундалигидан кўчирмаларни, терговнинг ишчи хулосалари ҳамда архив суратларни киритган.

228 саҳифали китоб инглиз, турк ва араб тилларида ёзилган. Китобга туркиялик журналистлар Мехмет Акиф Эрсой ва Синан Онус ҳаммуаллифлик қилишган.

Ўз китоби тақдимотида Денгиз ўз қайлиғи қотиллари жазоланмагунича хотиржам бўла олмаслигини айтиб ўтган. Хусусан, у АҚШ президенти Дональд Трамп бу можароли иш бўйича позициясини ўзгартиришига умид билдирган. У март ойида Вашингтонга бориш режасини ҳам айтиб ўтган.

У бундан аввалроқ Европарламент ҳамда АҚШ Конгрессига мурожаат қилиб, Қошиқчининг ўлими атрофидаги вазиятни «синчковлик билан ўрганиш»ни сўраганди.

Мавзуга оид