Асли, «Браво» гуруҳининг дастури ҳақида эҳтиросларим бироз сўнганидан кейин ёзаётганим яхши бўлди.

Бир-икки ҳафта давомида ижтимоий тармоқ аҳли «Браво»ни сўкиш билан машғуллигига ҳайрон бўлганим рост. Минглаб постлар айнан мазкур томоша ҳақида эди. Энг қизиғи, хафа бўлиб ёзаётганлар ўша гуруҳ чиқишларини кўрган ва кейин кескин фикр билдирган. Фикрларни ўқиб-ўқиб, аста-секин «Браво» аъзоларига раҳмим кела бошлагани ҳам бор гап.

Тўғриси, «Браво»нинг чиқишларига салбий фикр билдирганлар сони жуда кўп бўлганига қарама-қарши ҳолатда уларнинг чиқишларини интернетда кузатган ва дискини сотиб олиб кўрганлар сони ҳам мўлдан-мўл эди. Ғалати ҳолат. Хўш, гуруҳнинг чиқишларига қандай баҳо бериш мумкин?

Санъатшунос тақризчилар «Браво» томонидан «Халқлар дўстлиги» саройида тақдим этилган, сўнг кенг оммага телевидение орқали намойиш этилган концерт дастури ҳақида ҳеч қандай фикр билдиришмади. Балки тўғридир... Бу томоша билан ҳақиқий санъат ўртасида тоғдек масофалар мавжуд. Ҳақиқатан, уларни «Кулги дарғалари» дейиладиган – Сойиб Хўжаев, Эргаш Каримов, Муҳиддин Дарвешов, Рустам Ҳамроқулов, Ҳожибой Тожибоевлар билан солиштиришнинг ўзи ножоиз.

Юқоридаги санъат усталари жамият ва инсонлардаги камчиликлар устидан кулган бўлса, «Браво»чилар эса ўзлари «бўйи ва ақли етадиган жой» - яъни «белнинг пасти»ни мўлжалга олишгани сабабли фақат ижтимоий тармоқларда таҳлил қилинди. Тақризчиларнинг ҳам «паст кетгилари» келмади чоғи...

Дастур ҳақида

Қайсидир ўзига ўхшаган гуруҳдан ажраб чиқиб, уларга «ким аслида ким» эканлигини кўрсатиб қўйишни, илк концертидан бошлаб шов-шув кўтаришни хоҳлаган жамоа, ёш томошабин учун энг яқин йўл - инсон танасининг «белидан пасти» билан боғлиқ кулгили қочиримларни саҳнага олиб чиқди. Ва маълум маънода мақсадга ҳам эришди.

Энди уларни ҳамма билади ва танийди. Лекин, гуруҳ фаолларидан бири бўлган Отабек Мирзахолов концерт олди интервьюларида «Белдан пастга» мавзусида ҳазиллар бўлмаслигини айтганди.

Бироқ дастур бошланиб, салом берилиши билан ваъдалар унутилди. «Браво»чилар «саломлашиш» қисмида тагдор гап билан кириш қилишди. Кейин эса кетди-и... «Қиз болани қора мушукка ирим қилиб орқага юриши», аёл кишининг уйқусираган эрига «Отсангиз отинг, бўлмаса ётинг!» дейиши, «Иммунитет «кўтарадиган» дорининг номи «Муниса Ризаева», «Суд жараёни» саҳна кўринишидаги «от миниш», «Ҳаммага пўчоғини қўйиб кетган бола»... Бу ҳали ҳолваси экан! «Битирув кечаси» саҳнасида янаям очиқроқ гаплар ишлатилиб, «Робинзон Крузо» ва «Ҳарбий қисм» кўринишларида «бравочилар» тузук-қуруқ тарбия кўрмаганликларини дастур чўққисига чиқиб кўрсатиб беришди.