20 октябр куни ўтказилган тажриба АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари тадқиқот лабораторияси — AFRL’нинг Rocket Cargo дастури доирасида амалга оширилди. Дастур йирик тижорий ракеталар ёрдамида ўнлаб тонна юкни дунёнинг турли ҳудудларига, жумладан, оддий самолётлар билан етиб бориш қийин бўлган жойларга тезкор етказиш имкониятини баҳолашга қаратилган.

Бу сафарги синов тайёр етказиб бериш тизимини намойиш қилишни кўзламаган. Асосий эътибор юкларни учириш ва атмосферага қайтариш пайтида қандай ҳимоя қилиш мумкинлиги ҳақида маълумот тўплашга қаратилган.

Капсулага AFRL ишлаб чиққан бир нечта тажриба юк модули жойлаштирилган. Уларнинг ҳар бирида муайян вазифаларга мўлжалланган ускуналар ҳамда парвоз давомида ҳарорат, зарба юкламалари ва тебранишни ўлчайдиган датчиклар бўлган.

Тадқиқотчилар электроника ва фавқулодда вазиятларда ҳаётни сақлаб қолиш учун зарур жиҳозларга алоҳида эътибор қаратган. Синовга аккумуляторлар, сунъий йўлдош алоқали трекер, тескари осмос усулида сувни чучуклаштирувчи тизим, шошилинч тиббий ёрдам воситалари ва омон қолиш анжомлари киритилган.

Муҳандислар UNI-PAC III қутқарув соли капсулага сиғишини ҳам текширган. Бу уни кейинги синовларга киритиш имкониятини баҳолаш учун қилинган.

Ракета орқали етказиладиган юклар учиришдаги катта юкламаларга, космик парвоз шароитига, атмосферага қайтишдаги юқори ҳарорат ва механик таъсирларга бардош бериши керак. Шу билан бирга, ерга тушганидан кейин ускуналарни дарҳол ишлатиш имконияти сақланиши зарур.

AFRL маълумотига кўра, тажриба сезгир жиҳозларни парвознинг барча босқичларида ҳимоя қилиш усулларини аниқлашга ёрдам беради. Лаборатория технологияни амалиётга жорий этиш муддатини ёки келгусида юкни манзилга етказиш учун қанча вақт талаб қилинишини ҳозирча эълон қилмаган.

Rocket Cargo мавжуд ҳарбий ташиш тизимини тўлдириши кўзда тутилган. Ракеталар бир марта учирилганда ўнлаб тонна таъминотни, ҳатто қулай учиш-қўниш йўлаклари ёки ривожланган йўл тармоғи бўлмаган ҳудудларга етказиши мумкинлиги ўрганилмоқда.

Бундай имконият ҳарбий операциялардан ташқари, қутқарув ишлари, табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш ва олис ҳудудлардаги миссияларда ҳам қўл келиши мумкин.

Бироқ концепция ҳозирча тажриба босқичида. Амалда ишлайдиган тизим яратиш учун учириш харажатларини камайтириш, юклаш ва туширишни ташкил этиш, хавфсиз қўниш ҳудудларини белгилаш ҳамда катта ҳажмдаги юкларни ишончли етказиш имкониятини исботлаш талаб этилади.