Иқтисодиёт | 16:30 / 13.02.2019
8454
3 дақиқада ўқилади

2018 йил IV чоракда қайси истеъмол товарларининг қимматлашиши аҳоли учун юқори таъсирчан аҳамиятга эга бўлди? 

Фото: mixnews.lv

2018 йил IV чоракдаги аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари инфляцион кутилмалари тўғрисида маълумот берилди

Иқтисодиётдаги инфляцион кутилмаларни аниқлаш бўйича ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, 2018 йилнинг IV чорагида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларида қисқа ҳамда ўрта муддат давомида нархлар барқарорлиги бўйича аввалги чоракларга нисбатан эҳтиёткорона ёндашув кузатилди. 

Марказий банк хабарига кўра, бу ҳолат инфляциянинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан сезилган ва кутилаётган даражалари динамикасида ўз аксини топган.

Шунингдек, мазкур чоракда сезилган инфляция даражасида ўсиш кузатилган бўлса-да, декабрь ойи натижалари йил бошидаги кўрсаткичларга нисбатан паст бўлди. 

Ноябрь ойида жисмоний ва юридик шахслар қисқа муддатли инфляцион кутилмаларининг йил давомидаги энг юқори даражаси қайд этилиб, IV чорак охирида (декабрь ойида) унинг пасайиши кузатилди. Ўрта муддатли кутилмалардаги ўзгаришлар эса мўътадил бўлиб нисбатан юқори даражада сақланиб қолди. 

Мазкур даврда инфляцион кутилмалар коммунал тўловлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархлари ва иш ҳақи ошиши ҳамда миллий валюта қадрсизланиши шароитида шаклланди. Шу билан бирга, чорак охирида инфляцион кутилмалар динамикасида оптимистик тенденция шакллана бошлаганлиги кузатилди.

Ушбу даврда сезилган инфляция бўйича саволга респондентлар томонидан белгиланган жавобларда нархлар “юқори даражада ўсди” ва “аввалги даражада ошди” вариантлари улуши ўтган чорак натижаларига нисбатан каттароқ бўлди, нархлар “ўзгармади” варианти улуши эса қисқарди.

IV чоракда асосий истеъмол товарларидан нон, гуруч, помидор, бодринг, буғдой уни ва мол гўшти қимматлашиши аҳоли учун юқори таъсирчан аҳамиятга эга бўлди. Шунингдек декабрь ойидаги натижалар коммунал тўловлари, йўл ҳақи ва бензин нархлари ошганини қайд этган респондентлар улуши кескин ортганини кўрсатди.

Умуман 2018 йил давомида “охирги ойда нархи юқори даражада ошган маҳсулот” бўйича саволга сўровда иштирок этган жисмоний шахсларнинг аксарияти мол гўшти (66 фоизи), гуруч (55 фоизи), қўй гўшти (50 фоизи), помидор ва бодринг (44 фоизи) маҳсулотларини қайд этган.

Респондентлар фикрига кўра, IV чоракда нархлар ошишига асосан алмашув курси ўзгариши, табиий газ ва электр энергияси тарифлари нархи ҳамда иш ҳақи ошиши сабаб бўлган.

Мавзуга оид