Ўзбекистон санъат арбоби, таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов Kun.uz мухбири билан суҳбатда бугунги жамият, ўзбек киносанъати ва киносаноати тўғрисидаги фикрларини айтиб ўтди.

Зулфиқор Мусоқов

Режиссёр 2017 йил 3 августида президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ижодкор зиёлилари ўртасида ўтказилган учрашувга уни чақиришмагани тўғрисида сўзлайди: «Президентимиз билан ижодкорлар учрашуви бўлганди. Мени айтишмаган. Билишардики, мен шартта туриб президентимизга ўзимни ташвишлантираётган саволларни берардим. Маддоҳлик қилмасдим. Унақа одатим йўқ. Умуман бирор марта раҳбариятга дардимизни етказиш... Умрим «Ўзбекфильм»да ўтди.

Лекин буларнинг бари ким томонидан қилинаётганини биламан. Қўлдан келганича яқинлаштирмаслик ёки бир нарса деб юбормасин, сиримизни очиб ташламасин деб қўрқишади, чунки қўлимдан маддоҳлик келмайди».

Суҳбат давомида Зулфиқор Мусоқов республика туман ва қишлоқларида кинотеатрлар қолмаганини афсус билан тилга олди: «Ўзбекистондаги кинотеатрларнинг ярми вайронага айлантирилган. Ярми ҳар хил ресторанларга сотиб юборилган. 32 миллион одам аҳоли борлиги ҳолда кинотеатрлар сони жуда кам. Масалан, мен кўп давлатларда бўлганман. Алоҳида ҳашам билан жиҳозланмаган, майли катта бўлмасин, кичкина-кичкина, чиройли театрлар кўп. Шаҳарчаларда 10-12та кинотеатр бор. Бизда эса пойтахтнинг ўзида кинотеатр етишмайди-ку? Қишлоқларда, туман марказларида кинотеатрлар йўқ.

Президентимизнинг ўзи: «Кино соҳаси ёшларимизни тарбиялашда Мудофаа вазирлиги билан тенг. Халқнинг онгини, дидини пастга тушириб, заҳарлайдиган фильмлар бўлмайди» деганди. Афсуски, орадан деярли икки йил ўтди, лекин бари ўша-ўша. Амалда эса, кўпинча, ўша бевосита шу нарсага масъул, жавобгар одамлар унинг тескарисини қилишяпти.

Шахсан мен учун, Киночилар уйининг бузилиши катта фожиа бўлди. «Абдуллажон»дан бошлаб, («Берлин-Оққўрғон»дан бошқа - таҳр.) ҳамма фильмларим премьераси Киночилар уйида ўтган. Шундай мустаҳкам, МДҲдаги энг чиройли Киночилар уйини бир ой бузишди-ку!?

Умидворман, ишончим бор, президент «Мен сизларга янги Киночилар уйи қуриб бераман» деб айтган. Билмадим...».

Режиссёр ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан Ўзбекистондаги оддий аҳолининг турмуши, дард-ташвишларидан ҳикоя қилувчи қатор фильмларни суратга олган. Улар орасида ўзбекистонлик ёшларнинг катта қисми севиб томоша қиладиган «Осмондаги болалар», «Осмондаги болалар-2» фильмлари ҳам бор.