Жаҳон | 11:32 / 18.02.2019
7142
1 дақиқада ўқилади

Европа Sukhoi Superjet’дан бош тортди

Фото: Nicolas Economou / Getty Images

Ирландиянинг CityJet авиакомпанияси Россияга қарашли Sukhoi Superjet 100 самолётлари эксплуатациясидан воз кечди. Бу ҳақда «Ведомости» хабар қилмоқда.

Нашр маълумотларига кўра, Россия самолётлари ҳақидаги ахборот авиакомпания сайтидан йўқолиб қолган. Ушбу хабар ёзилаётган вақтда ҳам Sukhoi Superjet тўғрисида маълумот бўлмаган.

Аввалроқ, CityJet Россия самолётларидан воз кечиши мумкин экани ҳақида «Гражданские самолети Сухого» ширкати раҳбари Александр Рубцов хабар берганди. Унинг сўзларига кўра, Ирландия компанияси ўз бизнес-моделини ўзгартирди, шунинг учун илгари тузилган шартномаларга «энди мутлақо бошқача кўз билан қаралмоқда».

CityJet - Россиянинг Sukhoi Superjet 100 самолётларидан фойдаланган Европадаги ягона ширкат. Шартномага кўра Ирландияга 15та самолёт етказиб бериш режалаштирилганди, аммо авиакомпания паркида фақат еттита борт бўлган.

2011-2017 йилларда жами 156та Sukhoi Superjet самолёти чиқарилди. Энг йирик харидор «Аэрофлот» саналади (35та самолёт).

Мавзуга оид