Жаҳон | 17:18 / 20.02.2019
9036
2 дақиқада ўқилади

АҚШда мактаб ўқувчиси Washington Post газетасидан туҳмат учун 250 млн доллар тўлов талаб қилмоқда

АҚШнинг Кентукки штатилик мактаб ўқувчиси Николас Сандман Washington Post газетасида чоп этилган мақола туҳмат эканлигини иддао қилиб газетадан 250 млн доллар талаб қилмоқда. Унинг манфаатини ҳимоя қилувчи адвокатлик бюросининг билдиришича, мақолада гўёки Сандман Вашингтонда бўлиб ўтган намойишда намойишчилардан бири билан жанжал чиқаришга уринганлиги ёзилган.

Воқеа 18 январда, Сандман ва унинг синфдошлари иштирок этган абортларга қарши митингда содир бўлган. Газетада чоп этилган фотосуратда Сандман доира чалиб қўшиқ айтаётган америкалик ҳинду Нэйтан Филипс билан юзма-юз тургани акс этган. Фотосурат остидаги ёзувда айнан Сандман Филипсга нисбатан ўзини тажовузкорона тутиб, ирқчилик кайфиятини намойиш этгани айтилган.

Филипснинг айтишича, Сандерс дўстлари билан "Девор қурамиз" деб қичқирган. Сандман эса барча айбловларни рад этмоқда ва Филипс атайлабдан унинг ёнидан баланд овозда қўшиқ айтгани ҳамда Сандман ва унинг дўстлари қичқиришгани бирорта ҳам видеоёзувда қайд этилмаганини айтмоқда.

Даъво аризасида газета мактаб ўқувчисига туҳмат қилганлиги баён этилган.

"Николасга етказилган зарарни тўлиқ қоплаш ва газетага ҳеч қачон эсидан чиқмайдиган сабоқ ва жазо бериш учун 250 миллион доллар миқдорида товон тўланиши талаб қилинади", - дейилади адвокатлик бюросининг баёнотида.

Мавзуга оид