Кеча, 3 октябр куни АОКАда оилавий жиноятлар ва зўравонликларнинг олдини олиш бўйича қилинаётган ишлар таҳлилига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Kun.uz мухбири томонидан 3 ёшли фарзандини айиқ қафасига ташлаб юборган аёл ва уни бу ишга мажбур қилган омиллар, оиладаги эҳтимолий зўравонлик ҳолатлари қанчалик таҳлил қилингани, шунингдек, “Qalampir.uz” нашри мухбири Феруза Нажмиддиновага нисбатан унинг шаънини камситувчи туҳмат видео тарқатган шахслар аниқланган ёки аниқланмагани бўйича изоҳ сўралди.

Савол юзасидан дастлаб Бош прокуратура катта прокурори Ўктам Ўтаев изоҳ берди.

“Бу аёл мажбурий тартибда даволанишга ётқизилган. Ҳозир асосий масала унинг тезроқ тузалиб чиқиши. Аввало шуни айтиш керакки, соғлом одам ўз фарзандини айиқ чангалига ташламайди.

Сизнинг вазият нега бу даражага келиб қолди, деган саволингизга Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари тўлиқроқ жавоб беради. Чунки руҳий хасталикнинг сабаблари жуда кўп. Агар сизда уни бунга мажбур қилишгани ҳолати юзасидан маълумотлар бўлса, биз билан бўлишинг”, – деди прокурор.

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Озода Парпибоева саволларга жавобан қўмита фаолияти йўлга қўйилганига кўп бўлмагани, ҳозирги вақтда тизимдаги кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш чоралари кўрилаётганини айтди.

“Оила ва хотин-қизлар қўмитаси 1 мартдан фаолият бошлади. Жуда катта тизим ишлаб чиқилди. Бу – маҳалла раиси, ёшлар етакчиси ва хотин-қизлар фаоли. Бизда жами 9 370 та маҳалла бор. Бу маҳаллаларнинг ҳар бирига хотин-қизлар фаоли бириктирилди. Биз маҳалладаги аёлларнинг муаммоларини ўрганиш бўйича ишни биринчи навбатда уларни ўқитишдан бошладик. Бунда аввало ҳоким ўринбосарлари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиқлари, бўлим бошлиқлари, шунингдек, ҳар бир маҳаллада хотин-қизлар фаолларини ўқитдик.