Европа Чемпионлар лигасининг 1/8 финали доирасидаги биринчи учрашувда каталонлар сафарда французлар дарвозасини ишғол эта олмади.

«Лион» (Франция) – «Барселона» (Испания) – 0:0
«Лион»: Антони Лопеш, Дюбуа, Денайер, Марселу, Менди, Траоре (Тузар, 69), Ауар, Ндомбеле (Диоп, 84), Депай, Террье (Корне, 76), Мус.Дембеле.
«Барселона»: тер Штеген, Семеду, Пике, Лангле, Жорди Альба, Сержи Роберто (Видаль, 81), Бускетс, Ракитич, Месси, Суарес, У.Дембеле (Коутинью, 67).
Огоҳлантиришлар: Ауар, 3. Дюбуа, 33. Сержи Роберто, 80. Семеду, 88.
Ҳакам: Жунайт Чақир (Туркия).
19 февраль. Лион. «Люмьер» стадиони.

Асосий мақсад
Жорий мавсум аввалида Лионель Месси «Барселона»нинг мавсумдаги мақсадлари ҳақида аниқ тушунча берганди. Каталонлар клубининг асосий мақсади – «Камп Ноу»га «қулоқли кубок»ни қайтариш. Кўк-анорранглилар бу турнирда охирги марта 2015 йилда ғолиб бўлишган, кейинги 3 йилда совринни душман тараф – мадридликлар ўзиники қилишган. Бу мавсумда эса мақсад йўлидаги илк жиддий уринишда «Лион» жиддий қаршилик кўрсатди.

Ауар машҳурлашмоқда

«Парк Олимпик Лион» стадионидаги ўйин дебютидаёқ мезбонларнинг таянч яримҳимоячиси Ҳуссем Ауар қаҳрамон бўлиши мумкин эди. Аввалига, учинчи дақиқада у Мессини французлар жамоаси жарима майдони яқинида йиқитди ва сариқ карточка олди - мезбонларнинг бахтига аргентиналик футболчининг жарима нуқтасидан берган зарбаси бироз ноаниқ кетди. Кўп ўтмай Тер Штеген пас беришда адашди ва «Лион» футболчилари тўпни эгаллаб олиб, тезкор ҳужум уюштиришди аммо Ауарнинг каталонлар жарима майдони ичидан туриб берган зарбасини германиялик дарвозабон хатосини тузатган ҳолда қайтариб юборди.