Жаҳон | 00:23 / 22.02.2019
10922
2 дақиқада ўқилади

Мисрнинг Шарм-аш-Шайх курорти девор билан ўралмоқда 

Миср ҳукумати Шарм-аш-Шайх курорти атрофида бетон девор қуриш бўйича ишларни бошлади, деб хабар берди The Guardian нашри. Бироқ, қурилишнинг сурати борлигига қарамай, Жанубий Синай губернатори девор қурилаётганини инкор қилган.

Нашрнинг ёзишича, суратлар ва видеолавҳалар бетон тўсиқ қурилаётганини тасдиқламоқда. Унинг баландлиги 6 метрни ташкил қилади.  

“Бу девормас. Бизда девор йўқ”, деб айтган Жанубий Синай губернатори Холид Фуда. Унинг айтишича, лойиҳа баланд бетон тўсиқлар ва 37 километрлик тиканли сим тўсиқни ҳамда шаҳарга кириш учун 4 та “чиройли эшик”ни ўз ичига олади. Губернаторнинг айтишича, бу лойиҳа шаҳарни безаш ва хавфсиз қилишга қаратилган. “Биз буни келажакни кўзда тутиб қилмоқдамиз. Лойиҳа шаҳарга туризмдан бой берилган маблағларни қайтаришга ёрдам беради”, деб айтган губернатор.

Шаҳар атрофида бундай девор қуриш режалари 2005 йилда кўриб чиқилган, бироқ ўшанда бу ғоядан воз кечилган. 

Номаълум бўлиб қолишни истаган маҳаллий фуқаронинг айтишича, хавфсизликни таъминлаш учун шаҳар атрофи назорат-ўтказиш пунктлари ва камералар билан ўралмоқда. “Бу биз учун кулгили. Жойнинг гўзаллиги девор билан тўсилган. Шаҳар ўзининг тоғлари ва чўллари билан машҳур, девор эса бу манзарага путур етказади”, деб айтган манба.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, девор курортни хавфсизроқ қилмайди, террорчиларни тўхтата олмайди, аксинча одамлар ғашига тегади. “Шаҳардан чиқувчи ҳар қандай сайёҳ ундан ташқарида ўзини хавф остида деб ўйлай бошлайди ва бу аксинча дам олувчилар сонига салбий таъсир қилади”, деб қўшимча қилган мисрлик.

Мавзуга оид