16:55 / 22.02.2019
9463

"Ўзбекэнерго" АЖ истеъмолчиларни ҳисоб-китобларнинг тўғри амалга оширилаётганини текширишга чақирди

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисида”ги 897-сонли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тажриба тариқасида аҳоли истеъмолчилари томонидан фойдаланилган электр энергияси учун ҳисоб-китоблар ўрнатилган меъёр асосида амалга оширилмоқда.

"Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарорига кўра, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Юнусобод тумани истеъмолчиларига ой давомида фойдаланилган электр энергиясининг 300кВт/соатгача бўлган қисми учун белгиланган тариф бўйича, 300кВт/соатдан ортиқча истеъмол қилинган қисми учун эса белгиланган тарифнинг 1,2 баробар оширилган коэффициентини қўллаган ҳолда амалга оширилмоқда, – дейди Тошкент шаҳар Ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг Электр энергиясини сотиш бўйича директори Даврбек Имомов. –Истеъмолчиларнинг ойлик истеъмоли Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан “Электрҳисоб” дастурига киритилган охирги 2 та кўрсатгичларидан ҳосил бўлган ўртача сарфидан келиб чиқиб, дастур томонидан автоматик тарзда ҳисоблаб борилади".

Кўплаб фуқаролар, ушбу қарордан бехабарлиги боис, ўз ихтиёрлари билан истеъмол қилган электр энергия ҳажмини ҳисоблагич кўрсаткичлари фарқидан келиб чиқиб ҳисоблаб, тўлов ҳужжатларини (квитанцияларни) белгиланган тариф қиймати бўйича (ҳозирги 250 сўм /электро плитали хонадонлар – 125сўм) ёзган ҳолда тўловни амалга ошириб, гўёки “қарздорликни бартараф қилганман”, “ҳозирда қарздорлигим мавжуд эмас” деган эрта хулосага келмоқда.

Истеъмолчиларга шуни маълум қиламизки, тўлов ҳужжатида (квитанция) истеъмол қилинган электр энергия миқдори (кВт/соат) қайси тарифда ҳисобланишидан қатъи назар, барча тўловлар “Электрҳисоб” дастурига маблағ кўринишида қабул қилинади.

Ҳисоб-китоблар тўғрисидаги маълумотларга батафсил эга бўлиб боришингиз учун туман электр таъминоти корхонасига мобил рақамингизни тақдим қилишингизни сўраймиз. Натижада мобил телефонингизга барча маълумотлар (тўловлар, қарздорлик, ҳисоблагич кўрсатгичлари) СМС хабар орқали юбориб борилади.

Ҳурматли, Юнусобод туман электр энергияси истеъмолчилари! Электр энергиясидаги ҳисоб-китобларнинг тўғри амалга оширилаётганини Тошкент шаҳар ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ёки Юнусобод туман электр таъминоти корхонасининг “Электрҳисоб” дастури орқали текшириб боришингизни илтимос қиламиз.

“Ўзбекэнерго” АЖ Матбуот хизмати

Top