Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 22 февраль куни солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлигини таҳлил қилиб, навбатдаги муҳим вазифаларни белгилаб олишга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube
Видеоселекторда солиқлар тўловини амалга оширишда ноқонуний ҳолатлар айрим мисоллар асосида муҳокама қилинди. Йирик ишлаб чиқарувчилар, импортёрлар ва улгуржи савдо ташкилотлари томонидан сотилаётган товарлар ҳаракатини таҳлил қилиб, нақд пулсиз ҳисоб китоб-қилиш кўламини кенгайтириш, бунинг учун электрон ҳисоб-фактура тизимини тезроқ жорий этиш зарурлиги таъкидланди.
Солиқ идораларига жойлардаги боқиманда қарздорликни ундириш, даромадларнинг ички захираларини излаш бўйича тавсиялар берилди. Жумладан, Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида йирик солиқ тўловчилар ва импортёрлар билан ишлайдиган ҳудудлараро инспекция фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилди.
– Қанчалик мураккаб бўлмасин, бошлаган ислоҳотларимизни охиригача етказишимиз зарур. Лекин тарғибот-тушунтириш ишларини баҳона қилиб, ўрганишларни текширувга айлантиришга мутлақо йўл қўйилмайди. Ҳалол тадбиркор доимо давлат ҳимоясида, менинг ҳимоямда, – деди давлатимиз раҳбари.
Видеоселекторда яна бир муҳим масала – томорқадан самарали фойдаланиш ва баҳорги экин экиш ишлари ҳам муҳокама қилинди.
Халқимиз азалдан ризқ ундириш, боғ яратишнинг ҳадисини олган. Бугунги кунда кўпчилик ўз томорқасидан самарали фойдаланиб, бир йилда 3 мартагача ҳосил олмоқда. Лекин, баъзи жойларда томорқага экин экмаслик ва қаровсиз ташлаб қўйиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Юртимиз бўйича 328 мингта хонадондаги 20 минг гектар томорқадан самарали фойдаланилмаяпти.
Аслида томорқа – ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўлидир. Одамларнинг ўзида ҳам экин экиш, даромад олиш истаги бор. Лекин нима экишни, уруғ, кўчатни қаердан олишни билмайди. Келгусида “маҳсулотни сота оламанми”, деган хавотир ҳам йўқ эмас.

















