Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича:

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги вилоятлар, шаҳарлар ва туманларда ташкил этилган 102 та “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” ДУКлар фаолияти синовдан муваффақиятли ўтган, 2018 йилда уларнинг кучи билан 215,0 млрд. сўмдан ортиқ иш ҳажми бажарилган ҳамда уларнинг моддий-техника базаси янада кучайган;

2018 йилдан бошлаб “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” давлат унитар корхоналари томонидан барча ҳудудларда кўп хонадонли уй-жой фондининг капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари сифатли ва ўз вақтида бажарилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармалари ҳузуридаги “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” давлат унитар корхоналарининг фаолиятини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш бўйича “йўл харитаси” тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Марказий банк, республика тижорат банклари билан биргаликда:

2019 йил 1 мартдан бошлаб ажратилган кредит маблағлари ва мажбурий бадаллар ҳисобидан кўп хонадонли уй-жой фондини жорий ва мукаммал таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш (уй-жойларга техник хизмат кўрсатиш, ҳудудини сақлаш, куну-тун ишлайдиган диспетчерлик хизматини ташкил этиш) бўйича ишлар тегишли хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, профессионал бошқарув компаниялари билан шартнома тузган ҳолда “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” давлат унитар корхоналари томонидан амалга оширилиши чоралари кўрилади;

кўп қаватли уй-жойларни капитал ва жорий таъмирлаш ишларини кескин арзонлаштириш, замонавий қурилиш материалларни жалб этиш ва қурилиш ишлари сифатини кескин ошириш мақсадида тижорат банклар томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар фақатгина “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” давлат унитар корхоналари билан шартнома тузган хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ажратиш механизми жорий этилади.

Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясига ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда “Таъмирлаш-тиклаш хизмати” давлат унитар корхоналари орқали кўп хонадонли уй-жой фондининг капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш ишлари сифатли ва ўз вақтида бажариш афзалликларини доимий равишда оммавий ахборот воситаларида ёритиб бориш тавсия этилади.