Тошкентнинг «Локомотив» клуби шанба куни ўз тарихида учинчи марта Ўзбекистон Суперкубоги учун майдонга тушади. Андрей Фёдоров жамоаси «Пахтакор» марказий стадионида ОКМКга қарши баҳс олиб боради.

Tribuna.uz мухбири хабарига кўра, бугун бўлиб ўтган ўйинолди матбуот анжуманида Фёдоров мазкур баҳс мавсумдаги илк расмий ва соврин учун кечадиган учрашув экани билан аҳамиятли бўлиши, ўйинда жамоанинг янги мавсумга тайёргарлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилиш мумкинлигини таъкидлади.

«Темирйўлчилар» бундан аввал 2014 ва 2015 йиллардаги Суперкубок баҳсларида қатнашиб, уларнинг биринчисида «Бунёдкор»га енгилган (1:2), кейинги уринишда «Пахтакор» йирик ҳисобда мағлуб этилган (4:0). Жамоа ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев ўз сўзида мазкур статистикани эслаб, клуб музейидан иккинчи Суперкубок жой олишига умид билдирди.

«Жамоамиз учрашувга тайёр. Худо хоҳласа, чиройли футбол кўрсатиб, ғалаба қозонамиз, деб ўйлайман. «Локомотив» ўз тарихида иккинчи марта Суперкубокни қўлга киритишига умид қиламиз», – деди Тўхтахўжаев.

Жамоа ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов учрашув мавсумдаги биринчи расмий ўйини эканлигига урғу берди.

«Суперкубок битта ўйиндан иборат, кубок тақдири шу ўйинда ҳал бўлади. Энг асосийси, биз мавсумни ғалаба билан бошлашимиз керак. Мавсумни қанақа бошласак, шунақа давом этади, дейишади. Фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз. Майдонда қанчалик омадимиз келишини эртага кўрамиз. Натижа биз учун муҳим», – деди Абдухолиқов.

«Бикмаев кетди, энди ҳужум чизиғида эътибор сизга кўпроқ қаратилади. Мавсумда нечта гол уришни мўлжаллаяпсиз?» деган саволга Темурхўжа қуйидагича жавоб берди.

«Бу – футбол. Кимдир қолади, кимдир кетади. Жамоага жуда яхши янги ижрочилар келган. «Локомотив» ҳеч қачон бир футболчига қараб қолмаган. Биз ҳар доим жамоавий ўйин ҳисобига яхши натижаларга эришганмиз.

Иложи борича голларим ва фойдали ҳаракатларим билан жамоага ёрдам бермоқчиман. Натижа бўлмаса, кайфият ҳам бўлмайди», – дейди ҳужумчи.