Бозор — юрт кўрки. Бу ернинг обод ва кўркамлиги, савдо-сотиқнинг тартибли амалга оширилиши шу ерда фаолият олиб бораётган бозор маъмурияти ва тадбиркорларнинг дидидан далолат беради. Бу борада мутасаддилар ўзибўларчилик қабилида иш тутса, бозорда тартибсизлик авж олади. Афсуски, бундай ҳолат Жиззах шаҳри марказидаги «Жиззах марказий деҳқон бозори» АЖда одатий ҳолга айланган. Жиззахликлар тилида «Кўк бозор» номи билан аталувчи ушбу маскан фақатгина юқоридан бирор текширувчи келган кунлари тартибга солинади.

Бозор атрофидаги автоуловларнинг доимий тирбандлиги-ю йўлаклар бўйлаб тартибсиз жойлашиб олган «ёйма тижоратчилар» каби хунук ҳолатлар ҳеч кимни ажаблантирмай қўйганига анча бўлган. Манзилга муносиб эга йўқлигидан мутасадди ташкилотларнинг бозор маъмурияти билан биргаликда фаолият олиб бормаётгани, бир-бирларига ташлаб қўйишлари оқибатида йўлларда ва йўлакларда тирбандликлар ва тартиббузарликлар авжига чиққан. Ҳайдовчилар истаган жойидан машинани буриб олиши, тақиқланган жойга машина қўйиши, қатнов жойида йўловчи тушириш ва олишини айтмаса ҳам бўлаверади.

Kun.uz таҳририятига бозорда савдо қилувчи бир гуруҳ тадбиркорлар номидан мурожаат келиб тушди. Мурожаат мазмунига кўра, бир ҳафтадан бери бозорда электр энергияси йўқлиги оқибатида гўшт ва гўшт маҳсулотлари билан савдо қилинувчи павильонларда жиддий муаммо юзага келган. Маҳсулотлар сақланадиган музлаткичлар ишламай қолгач, гўшт маҳсулотлари яроқсизга чиқмоқда ва тадбиркорлар ҳар куни зарар кўришмоқда.

«Олти кундан бери бозорда электр энергияси тармоқдан узилган. Дардимизни кимга айтишни билмаймиз. Мана, кеча 98 кг маҳсулотимиз яроқсиз ҳолга келгани учун шунчаки ташлаб юбордик. Зарарга ишлаяпмиз. Ҳамкорларимиз, мижозларимиз маҳсулотларимизни қайтариб олиб келиб беришяпти. Тўғри-да, ҳамма ҳам пешона тери эвазига топган пулига сифатли маҳсулот олишни истайди. Ҳидланиб, яроқсиз ҳолга келган гўшт кимга керак?! Музлаткичларимиз ишламайди, баъзи савдо дўконларига ижара ҳақи тўлаб музлаткичларидан фойдаланяпмиз. Улар ҳам уч кунга рухсат беришди. Ноилож, автоулов ёллаб тонна-тонна маҳсулотни уйга олиб кетамиз. Уйда ҳам шу ҳолат, кунора электр уч-тўрт соатлаб ўчади... Бизни ҳам кимдир эшитадими?», – дейди Дилфуза Ҳамдамова.