Ўзбекистон | 14:30 / 26.02.2019
6200
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Бердимуҳамедов билан Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бўлажак учрашувини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 26 февраль куни Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди. 

Президентлар икки мамлакат раҳбарларининг қатъий сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги стратегик шериклик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик жадал ривожланиб, изчил мустаҳкамланиб бораётганини мамнуният билан қайд этди.

Олий даражадаги ўзаро ташриф ва музокаралар Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларини аниқ мазмун билан бойитди.

Тошкент ва Ашхободда биргаликда миллий кўргазма ва бизнес форумлари ўтказилгани, Ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилгани, идоралараро ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва иқтисодиётнинг турли тармоқларида кооперацияни кучайтиришга хизмат қилди.

Суҳбатда Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш ва экологик фалокатнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича кўрилаётган амалий чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Аваза шаҳрида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси саммитининг муваффақиятли ўтказилгани ҳамда Туркманистоннинг ушбу жамғармадаги самарали раислиги минтақа мамлакатлари ва халқаро ҳамжамиятнинг Орол муаммосини ҳал этиш борасидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларига янги суръат бағишлади.

БМТ шафелигидаги Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди ўз фаолиятини бошлагани ҳамда денгизнинг қуриган тубида ўрмонлар яратиш бўйича олиб борилаётган кенг миқёсли ишлар юксак баҳоланди.

Шунингдек, бўлажак тадбирлар режаси юзасидан, жумладан, жорий йилнинг апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг иккинчи маслаҳат учрашувига тайёргарлик кўриш тўғрисида фикр алмашилди.

Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари қардош халқларимиз ва мамлакатларимиз фаровонлиги йўлида Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасида интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.

Мавзуга оид