Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Илмий кадрларнинг академик ҳаракатчанлиги дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси жойлаштирилди.

Илмий кадрларнинг академик ҳаракатчанлиги дастурини шакллантириш, амалга ошириш, молиялаштириш ва мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, академик ҳаракатчанлик мамлакатда ёш олимлар, иқтидорли ёшларни илм-фанга кенг жалб қилиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, уларни давлат томонидан янада қўллаб-қувватлаш, республикада мавжуд ноёб илмий объектлар, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюроларидан самарали ва оқилона фойдаланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилади.

Академик ҳаракатчанлик дастури – ОТМ ва ИТМда илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланаётган, 40 ёшгача бўлган профессор-ўқитувчилар, илмий ходимлар, докторантлар, мустақил изланувчилар ва магистр талабалари илмий лаборатория ва тажриба-конструкторлик ишлари илмий, илмий-техник лойиҳалари мажмуини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳар йили илмий кадрларнинг давлат бюджети маблағлари ҳисобидан базавий молиялаштириладиган вазирлик ва идораларнинг ОТМ ва ИТМларида, давлат ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналарда, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказларида, мавжуд замонавий илмий лабораториялар, тажриба-конструкторлик бюролари ҳамда ноёб илмий объектлардан фойдаланган ҳолда илмий-тадқиқот ишларини ўтказишга кўмаклашиш мақсадида академик ҳаракатчанлик дастури доирасида лойиҳалар танловини ўтказади.

Инновация вазирлиги академик ҳаракатчанлик дастури доирасида илмий кадрларнинг илмий-тадқиқот олиб бориши мумкин бўлган ноёб илмий объектлар, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюролари мавжуд ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириб боради.

Ташкилотлар ҳар йили 1 июнга қадар ўз балансидаги ноёб илмий объектлари, илмий асбоб-ускуналар, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюролари тўғрисидаги маълумотларни Инновация вазирлигига тақдим этиб боради.

ОТМ ва ИТМ академик ҳаракатчанлик дастури доирасида илмий тадқиқотлар ўтказиладиган ташкилотлар рўйхатини шакллантириш учун ўз таклифларини Инновация вазирлигига тақдим этиши мумкин.

Инновация вазирлиги балансида ноёб илмий объектлар, илмий асбоб-ускуналардан жамоавий фойдаланиш марказлари, илмий лабораториялар ва тажриба-конструкторлик бюролари мавжуд ташкилотлар билан уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятига маъмурий аралашмасдан туриб, илмий-техникавий ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзолайди.