Жамият | 09:00 / 01.03.2019
8698
3 дақиқада ўқилади

Танқидга муносабат: Андижон шаҳридаги уйлар тармоғи таъмирланиб, табиий газ келди

23 февраль куни сайтимизда “Андижон шаҳар марказидаги ҳолат: “Дом”имизда табиий газ фақат Конституция куни ва Янги йил байрамида меҳмон бўлади” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди. Унда Андижон шаҳар 3 кичик даҳа, Иқбол маҳалласи 42-кўпқаватли уй ва унга яқин бўлган уйларда газ таъминоти жуда ёмон аҳволда эканлиги баён қилинганди.

Мавжуд вазият оммага ҳавола этилган куннинг ўзида 42-уйнинг хонадонларида яшовчи аҳоли вакиллари алоқага чиқиб, “Ўзтрансгаз” Андижон вилояти газ таъминоти ҳудудий филиали ходимлари келиб, вазият билан танишаётгани ҳақида хабар беришганди.

28 февраль куни “Ўзтрансгаз” Андижон вилояти газ таъминоти ҳудудий филиали Kun.uz нашрига ҳудуддаги камчиликлар бартараф қилингани ҳақида маълумотларни тақдим қилди. Ташкилот раҳбари Давронбек Салоҳиддинов имзоси билан юборилган хатда Андижон шаҳар 3-кичик даҳа 42-уй ва унга яқин бўлган кўпқаватли уйларда газ таъминотини меъёрий ҳолатга келтириш бўйича мутахассислар томонидан газ тармоқлари ва ундаги қурилмалар тўлиқ кўрикдан ўтказилиб, таъмирлаш, режим ва созлаш ишлари олиб борилгани ва бунинг натижасида ҳудуддаги уйларда газ таъминоти тиклангани айтилган.    

Маълумотномада бундан ташқари, Kun.uz сайтида шу йилнинг 30 январь куни ёритилган “Водийда 1 январдан газ таъминоти яхшиланиши ваъда қилинган эди. Ўзгариш бўлдими?” Андижон вилояти, Булоқбоши тумани М. Исмоилий МФЙдаги 6та кўпқаватли уйларда табиий газ таъминоти издан чиққани ҳақидаги танқидга ҳам жавоб йўлланган. Ташкилот томонидан мазкур уйлардаги газ таъминотини яхшилаш учун 206 метр газ тармоғи қурилиб, айни пайтда уйлар табиий газ билан тўлиқ таъминланибди.

Хатда “Ўзтрансгаз” Андижон вилояти газ таъминоти ҳудудий филиали томонидан фуқаролар билан ишлаш жараёнида йўл қўйилган камчиликлар юзасидан Андижон шаҳар ва Булоқбоши туман бўлимлари раҳбарларига маъмурий чоралар кўрилгани, участка газ раҳбарлари билан суҳбатлар ўтказилганлиги айтилади.

“Андижонгаз” табиий ва суюлтирилган газга бўлган муаммоларга йўл қўймаслик ва юқоридаги камчиликлар қайта такрорланмаслигини назоратга олган.

Биз юқоридаги уйлар аҳолиси билан суҳбатлашганимизда, уларнинг барчаси табиий газ таъминоти меъёрий ҳолга келганини таъкидлашди.

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид