Жамият | 12:27 / 05.03.2019
3370
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик талабалар рус тили бўйича халқаро онлайн олимпиадада ғолиб бўлишди

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабалари Тюмень давлат университети ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиладиган рус тилини хорижий тил сифатида ўзлаштириш даражасини текширувчи халқаро олимпиадада иштирок этишди.

Университет матбуот хизмати хабар беришича, ушбу нуфузли мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон, Нигерия, Вьетнам, Сурия, Колумбия, Тожикистон, Қирғизистон, Венесуэла, Жазоир, Жанубий Осетия, Сербия, Малайзия, Миср, Эквадор, Гана, Чад, Марокаш, Афғонистон, Мали, Туркманистон, Мўғулистон, Замбия ва бошқа кўплаб давлатлардан сараланган 104 нафар ёшлар танловнинг якуний босқичига етиб келишди. Улар орасида ўзбекистонлик 20 нафар талаба ҳам бор эди. Икки босқичли олимпиадада талабаларнинг рус тилида тинглаб тушуниш, сўзлаш ва мантиқий изчилликда бехато ёзиш кўникмалари синовдан ўтказилди.

Тенг курашлар остида ўтган билимлар беллашувида А ва Б гуруҳларида мутлақ ғолиблик Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети талабаларига насиб этди. Б даража бўйича биринчи ўринни Усмонова Нилуфар ва А даража бўйича пешқадамликни Мамарасулов Толиб қўлга киритган бўлса, бошқа кўплаб совринли ўринлар ҳам айнан Ўзбекистон вакилларига насиб этди.

Умумжамоа ҳисобида Ўзбекистондан кейинги ўринларни Сурия, Тожикистон, Афғонистон, Замбия, Вьетнам ва Миср вакиллари қўлга киритишди. Танлов ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими ҳам онлайн режимида ўтказилди. Барча совриндорлар номи маълум қилиниб, уларга ғолиблик сертификатлари ва эсдалик совғалари топширилди.

Маълумот учун, мазкур олимпиада ғолибларига Россия ОТМларида ижтимоий соҳа бўйича магистратурага кириш имконияти берилади, қолаверса, уларни Тюмень давлат университети ёзги мактабига таклиф этишади.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид