Жамият | 15:20 / 05.03.2019
6406
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ва Самарқандда сунъий тухумлар сотилаётгани ҳақида тарқалган миш-мишлар тасдиқланмади

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда «сунъий тухумлар» мавзуси муҳокама этилмоқда.

Февраль ойи охирида ижтимоий тармоқларда Тошкентда сунъий тухумлар сотилаётгани ҳақида хабарлар тарқалгач, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси мутасаддилари томонидан «Ўрикзор» бозорида текширув ўтказилди. Текширилган тухумлар бинойидек чиққан.

Парранда тухуми билан савдо қилувчи тадбиркорлар билан бирма-бир суҳбат ўтказилиб, савдо юритувчиларга санитария, хусусан, тиббий дафтарчаларга эга бўлиш ҳамда маҳсулотларга бериладиган ветеринария маълумотларини тақдим этиш талаблари қўйилган.

Савдода бўлган тухумлардан намуналар олиниб, ҳар бир сотувчининг ўзи гувоҳлигида қисқа муддатли кўргазмали текширув ўтказилган. Хулосаларга кўра, текширув давомида тухум намуналари истеъмолга яроқли экани аниқланган.

Фото: ЎзА

Кейинроқ «сунъий тухумлар» Самарқанд бозорларига ҳам етиб келгани ҳақида миш-мишлар пайдо бўлди. Ижтимоий тармоқда Оқдарё туманининг Лойиш шаҳрида шундай ҳолат қайд этилган ҳақида хабар тарқалди.

Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари (ИҲҲҚЖ) вилоят ҳудудий бирлашмаси қошида ишчи гуруҳи ташкил этилиб, вазият ўрганилди. Лойиш деҳқон бозори ҳудудида парранда тухуми билан савдо қилувчи 17 нафар тадбиркорларнинг маҳсулотлари текширувлардан ўтказилди. Туман ДСЭНМ ходими Ш.Қосимов, ВСЭ (Ветеринария Санитария Экспертиза) лабораторияси мудири Ш.Ғаниев ҳамда ИҲҲҚЖ вилоят ҳудудий бирлашмасининг Оқдарё туман жамияти раиси Т.Эшмуродов иштирокида, жорий йилнинг 25 февраль куни тузилган далолатномада келтирилишича, сотувдаги парранда тухумлари давлат стандартларига тўғри келади, яъни истеъмолга яроқли. Текширишлар натижасига кўра, паррандаларга берилган емдаги гормонларнинг кўплиги оқибатида, тухум сариғи шундай ҳолга келган. (Чўзилувчан, уваланмайдиган ва бироз қорамтир)

Т.Эшмуродовнинг сўзларига кўра, хориждан келтирилаётган бундай тухумларни оддий уй шароитида фақат қайнатибгина фарқлаш мумкин, қовурганда ёғга аралашиб, ўзига хослигини йўқотади. Оқсилининг таъмини фарқлаб бўлмайди, кесганда ҳам сариғи уваланмайди, таъмсиз, ҳидсиз. Пўсти ҳам табиий тухумникига қараганда анча нозик.

«Айни кунда ўрганиш-мониторинг ишлари вилоятнинг барча туманларида ўтказилмоқда. Ҳозирча резина тухумлар ҳеч қаерда қайд этилмади. Мониторинг натижалари хусусида мунтазам хабарлар бериб борамиз», дейди Самарқанд вилоят ИҲҲҚЖ вилоят ҳудудий бирлашмаси сектор бошлиғи Гулчеҳра Бердиёрова.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид