Комил Алламжоновга ўринбосарлар тайинланди
Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг ўринбосарлари тасдиқланди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Унга кўра, меҳнат фаолиятини «Жаҳон» ахборот агентлигида бошлаган, кейинчалик Ўзбекистон Республикасининг Буюк Британиядаги элчихонасида пресс-атташе лавозимида ишлаган Авазбек Хожиметов агентлик директорининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. У шунга қадар Президент матбуот котиби, Президент матбуот хизмати Ахборот-таҳлил ишлари бўйича сектори мудири лавозимида ишлаб келаётган эди.
А. Хожиметов Агентлик директорининг биринчи ўринбосари сифатида давлат ахборот сиёсатини амалга ошириш, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ахборот таҳлили ҳамда оммавий ахборот воситалари фаолиятини ривожлантириш каби вазифаларни бажариш учун масъул бўлади.
Агентлик директорининг бошқа ўринбосари эса Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Медиа марказида Бош мутахассис лавозимида фаолият юритган Наргиза Раҳимова тайинланди.
Шунингдек, "O‘qituvchi" нашриёт-матбаа ижодий уйи директори ўринбосари лавозимида ишлаган Ғайрат Бозоров эндиликда агентлик директори ўринбосари лавозимида иш бошлайди.
Бозоров Агентлик директорининг ўринбосари сифатида лицензиялаш ва назоратни ташкил этиш, нашриёт-матбаа соҳаси, китоб савдоси ва ахборот кутубхона ресурслари фаолиятини ривожлантириш каби вазифаларни бажариш учун масъул бўлади.