6 март куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўзбек футболини ривожлантиришнинг бугунги ҳолатига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда ЎФА ва ПФЛ мутасаддилари, хусусан, ПФЛ бош директори Омон Ғофуров, директор ўринбосари Диёр Имомхўжаев, ЎФА ҳакамлар ва назоратчилар департаменти директори Маъмур Саидқосимов, Футболни ривожлантириш департаменти бошлиғи Ўткир Жалилов, Тренерлар таълими департаменти раҳбари Шавкат Имамов иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон футболи атрофидаги баҳсли масалалар кўтарилди. Жумладан, Суперлига регламентидаги ўзгаришлар, ЎФА ва ПФЛ ҳамда клублар ва терма жамоалар ўртасидаги муносабатлар, ҳакамлик савияси, янги ташкил этилган вилоят футбол академиялари каби мавзулардаги саволларга мутасаддилар жавоби тингланди. Kun.uz мухбири матбуот анжуманида расмийлар томонидан янграган айрим иқтибосларни келтириб ўтди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Омон Ғофуров:

 «Бу йил лицензиялаш талабини жуда ҳам кучайтирдик. Клублар ўз академияси ва инфратузилмасидаги шароитларни яхшилаши, маркетинг борасида ишлашига каттароқ аҳамият бердик. Ўйлаймизки, бу ўз самарасини беради ва мана шу 3-4 йил мобайнида бизнинг клубларимиз ҳам ўзини ўзи боқадиган, давлатга қарам бўлмайдиган жамоалар бўлади. Инфратузилмасини ҳам халқаро андозаларга тўғрилайдиган бўлади».

Ўткир Жалилов:

«Биз ўз йўлимизни танлаймиз. Бу йўл ўрганишлар ва бошқа халқаро академиялар фаолиятининг натижасидир. Биз фаолиятини йўлга қўйган вилоят футбол академиялари халқаро стандартларга жавоб беради. Улардаги тайёрлов дастурлари, босқичма-босқич бир гуруҳдан иккинчисига ўтиб бориш кабиларнинг барчаси халқаро талабларга мувофиқ. Аммо буларни ўз моделимизга мослаб амалга оширдик».