Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида «Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги ЎРҚ–371-сонли Қонунига қуйидаги қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилиши мумкин:

3-модда:

қуйидаги мазмундаги саккизинчи – ўнинчи хатбошилар билан тўлдирилади:

«ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган шахс – алкоголизм, гиёҳвандлик, заҳарвандликка мубтало бўлган ёки руҳий ҳолати бузилган ёхуд ҳуқуқбузарлик содир этаётган шахс;

ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган оила – ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган шахс томонидан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга, хотини (эри)га, вояга етмаган ёхуд вояга етган муомалага лаёқатсиз фарзандларига нисбатан шафқатсиз муомалада бўлаётган, уларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ёки ўз фарзандларини таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаётган ёки лозим даражада бажармаётган шахс яшаётган оила;

якка тартибдаги профилактика иши – ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган шахслар ва оилаларни ўз вақтида аниқлаш, шунингдек уларни ижтимоий-педагогик реабилитация қилиш ҳамда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган шахсларнинг ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишининг олдини олишга доир фаолият».

8-модда:

бешинчи хатбошидаги «муассасалар» деган сўздан кейин «ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг» деган сўзлар билан тўлдирилади;

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилади:

«Ҳуқуқбузарликларнинг махсус профилактикаси бўйича чора-тадбирларни белгилайди»;

олтинчи хатбоши тегишинча еттинчи хатбоши деб ҳисобланади.

9-модда:

тўртинчи хатбошидаги «Миллий» деган сўз «Давлат» деган сўз билан алмаштирилади;