Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда давлат ҳамда хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар иштирокида:
олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш ва иш берувчиларнинг олий таълим муассасалари битирувчиларига бўлган давлат эҳтиёжининг параметрлари ишлаб чиқилган;
аниқ йўналиш ва мутахассисликлар бўйича тайёргарликка эга бўлган олий таълим муассасалари битирувчиларига нисбатан истиқболга мўлжалланган давлат буюртмаси, ҳамда битирувчиларнинг мутахассисликлари бўйича ишга жойлашуви юзасидан олиб борилган мониторинг натижалари асосида, давлат эҳтиёжлари учун 2019/2020 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрлари шакллантирилган.
Белгиланишича, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:
олий таълим муассасаларига қабул иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларнинг мақсадли инвестицион лойиҳаларни инобатга олган ҳолда Давлат аҳамиятига эга бўлган соҳалар учун олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжнинг Давлат буюртмаси асосида;
қўшимча қабул параметрлари олий таълим муассасалари томонидан мавжуд қувватлари ва профессор-ўқитувчилари таркиби ҳамда реал бозор эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, мустақил равишда амалга оширилади.
Имтиҳон фанлари блоки ва кетма-кетлигининг мослигини ҳисобга олган ҳолда, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб абитуриентларга бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасаси (таълим йўналиши)га ҳужжат топшириш ҳуқуқи берилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар билан биргаликда абитуриентларни бир вақтнинг ўзида бир нечта олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш имкониятини берувчи механизмни ишлаб чиқиб Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси тасдиқланади.
















