Ўзбекистон | 14:19 / 13.03.2019
15898
3 дақиқада ўқилади

Президент Навоий вилоятини инвестиция ва инновациялар ҳудудига айлантиришни таклиф қилди

Президент Шавкат Мирзиёев Навоий вилояти фаоллари иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда вилоятни комплекс ривожлантиришга қаратилган долзарб вазифаларни белгилаб берди. 

Президент Навоий вилояти ялпи ҳудудий маҳсулот бўйича илғор ўринларда бўлса-да, мавжуд резерв ва имкониятлардан тўла фойдаланилмаётганини таъкидлаган. Вилоят иқтисодиёти асосан бир нечта йирик корхоналарга боғлиқ бўлиб қолгани, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик етарли даражада ривожланмагани кўрсатиб ўтилган. 

«Вилоятда тадбиркорликни ривожлантиришга жиддий туртки бериш мақсадида, бу ерда шундай энг қулай ва жозибадор бизнес муҳитини яратиш керакки, нафақат маҳаллий аҳоли, балки бошқа вилоятлар аҳолиси ҳам бу ерга келиб, тадбиркорлик билан шуғулланишга интилсин. Энди Навоий вилояти – тадбиркорлар вилояти бўлиши керак», – деган Шавкат Мирзиёев. 

Давлат раҳбари шу мақсадда Навоий вилоятини экспортга йўналтирилган инновацион ва юқори технологияли ишлаб чиқаришлар бўйича эркин иқтисодий зонага айлантиришни таклиф қилган. Қайд этилганидек, бунинг учун Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида махсус комиссия тузилиб, мазкур иқтисодий зона иштирокчиларига бериладиган имтиёз ва енгилликлар тизими белгиланади.

Йиғилишда инвестицияларни фаол жалб қилиб, янги замонавий корхоналар ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. 

Навоий вилоятида 2019-2020 йилларда умумий қиймати 26 триллион 368 миллиард сўмлик 511та инвестиция лойиҳасидан иборат дастур ишлаб чиқилгани маълум қилинган.

Мазкур дастур доирасида 1 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитларни ўзлаштириб, 17 минг 400 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.

Жумладан, Навоий иссиқлик электр станцияси, «Қизилқумцемент», «Навоийазот» акциядорлик жамиятлари ва бошқа тармоқларда 12та йирик лойиҳа амалга оширилиши белгиланган.  

Давлат раҳбари қишлоқ хўжалигидаги имкониятларни ҳам таҳлил қилиб, пахтадан бўшаган майдонларда бозорбоп мева-сабзавотлар етиштириш, тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қоракўл тери тайёрлашни кўпайтириб, экспорт ҳажмини ошириш бўйича топшириқлар берди.

Мавзуга оид