12:28 / 13.03.2019
8801

Тошкентга парвозларни амалга оширувчи Flydubai авиакомпанияси Boeing 737 MAX самолётларидан фойдаланишни вақтинчаликка тўхтатди

Фото: flydubai.com

Flydubai авиакомпанияси Фуқаро авиацияси бош бошқармаси (GCAA) буйруғига биноан MAX 8 ва MAX 9 сериясидаги Boeing 737 самолётлари парвозларини бекор қилади.

Рейслардаги тўхталишларнинг олдини олиш мақсадида компания парвозларни Next-Generation Boeing 737-800 моделидаги самолётларда амалга оширади. 

Авиакомпания Тошкент – Дубай, Дубай – Тошкент йўналишларида ҳафтасига 10 марта парвоз қилади. Flydubai Тошкентдан Дубайга ҳафтанинг сешанба, пайшанба, жума, шанба ва якшанба кунларида учса, Дубайдан Тошкентга душанба, чоршанба, пайшанба, жума ва шанба кунларида парвозга чиқади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси «Дававианазорат» инспекцияси 2018 йил сўнгида Бирлашган Араб Амирликларининг Flydubai авиакомпаниясини Дубай-Тошкент йўналиши бўйича доимий авиаташувчи сифатида тасдиқлаганди. 

Маълумот учун, Flydubai авиакомпанияси 2008 йилда Дубай маъмурияти томонидан ташкил этилган шаҳарнинг илк лоукостери ҳисобланади. Бугунга келиб, авиакомпания ҳафтасига 1400 парвозни амалга оширади. Компанияда 500 нафардан зиёд учувчи ва 1000дан ортиқ борт кузатувчиси фаолият олиб боради.

10 март куни Эфиопияда Boeing 737−8 MAX лайнери ҳалокатга учраганидан сўнг кўплаб мамлакатлар ушбу лайнерлардан фойдаланишни тўхтатди. АҚШ эса ҳозирча бундай тақиқни жорий этишни режалаштираётгани йўқ.

Top