Тарихий аҳамиятга молик ҳудудларда пухта ўйланмаган асосда қурилиш-бузилиш ишларининг олиб борилиши маданий объектларга путур етказаётганлиги ҳолатлари, сўнгги ҳолатларда, кўп бора қайд этилди. Шу сингари хатти-ҳаракатлар оқибатида ЮНЕСКО умумжаҳон маданий мерослар комиссияси Шаҳрисабз тарихий марказини рўйхатдан чиқариш масаласини кўриб чиққанлиги бунга ёрқин далилдир.
Маданият вазири ўринбосари Камола Оқилова Kun.uz’га берган интервьюсида мазкур ҳолатларга муносабат билдирди.
─ Маданий меросни муҳофаза қилиш фақатгина вазирликнинг ёки маҳаллий ҳокимиятнинг ё бўлмаса, муайян шахсларнинггина жавобгарлигига боғлиқ ҳолат эмас. Бу борада қатъий ишлайдиган тизимни йўлга қўйишимиз зарур. Ўтган 25 йил давомида мана шу тизим йўққа чиққан, дейди вазир ўринбосари.
Оқилова маданий объектлар муҳофазаси бўйича тизимли ишлашнинг бир неча жиҳатларини санаб ўтди.
«Биринчидан, реставрация институтини тиклаш керак. 90-йилларда бу институт ёпилиб кетган. Бу институт ёпилгач, хусусий фирмалар реставрация ишларини олиб бора бошлади. Хорижда маданий объектларни тиклаш масаласига ўта нозиклик билан ёндашилади. Бизда эса реставрация ремонтга айланиб кетган. Номутахассис шахслар томонидан ишлар олиб борган. Шаҳрисабздаги Кўк гумбаз, Самарқанддаги Бибихоним мадрасаси мисолида бунинг аянчли оқибатларини кўришимиз мумкин.
Реставрация деганда кўпчилик бинонинг бир бўлаги тушиб кетганда уни қайта жойига тўғрилаб қўйишни тушунади. Ваҳоланки, бу жараёнда у нимага тушиб кетади, бунинг олдини қандай олиш мумкин, деган саволларга жавоб излаш керак бўлади.
Иккинчидан, ўзимизнинг анъанавий услубда ишлайдиган усталаримиз бор. Уларни йиғиб, реставраторлар ассоциациясини тузишимиз, уларнинг билим ва тажрибаларидан амалиётда ўринли фойдаланишимиз керак.
Учинчидан, хорижий тажрибани тўғри қўллай олишимиз керак.Ҳеч ким четдан келиб бизга нақшкорлик, меъморчилик бўйича дарс ўтмайди. Бу бўйича технологияларнинг ҳаммаси ўзимизники. Тарихий обидаларни конструкция жиҳатдан тиклашда хорижий мутахассисларни жалб қилиш мумкин. Масалан, хитойликлар Ичан қалъада конструкцияни тиклаяпти, нақшларга эса бошиданоқ тегмаймиз, бу сизларнинг ишингиз, дейишган.
Яна бир жиҳат, ёш реставраторларни тайёрлаш масаласи. Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассомчилик ва дизайн институтида ёки Тошкент архитектура ва қурилиш институтида реставраторларни кўпайтириш муҳим аҳамият касб этади. Улар катта тажрибали усталардан амалий сабоқ олиб, ўзини шакллантириши керак. Шунда истеъдодли янги мутахассисларни тайёрлаган бўламиз.
















